Жорий йилнинг 27 март куни шаҳар ҳокимлигида Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг навбатдаги 39-сессияси бўлиб ўтди. Сессияда шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, маҳаллий бюджетдан самарали фойдаланиш ҳамда “Ташаббусли бюджет” доирасидаги лойиҳалар ижроси каби бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилиш кун тартибидан қуйидаги асосий масалалар депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, овозга қўйилди:
- Халқ мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш юзасидан шаҳар ҳокими Ҳамдамов Қобил Муратқуловичнинг шаҳар аҳолисига мурожаати тўғрисида;
- 2026 йилда алкогол маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқи учун йиғимларнинг чекланган ставкаларини ошириш;
-Олмалиқ шаҳрида 2026 йилнинг 1-мавсуми доирасида ўтказилган “Ташаббусли бюджет” жараёнлари якунларини кўриб чиқиш ва ғолиб деб топилган лойиҳаларни тасдиқлаш тўғрисида;
-Олмалиқ шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаалари ҳисобидан фойдаланиш тўғрисида; - Олмалиқ шаҳар маҳаллий бюджетининг 2026 йил бошида шаклланган эркин қолдиқ маблағларидан фойдаланиш тўғрисида;
- “Инфратузилма ва ижтимоий барқарорлик” жамғармаси маблағлари ҳисобидан фойдаланиш тўғрисида;
- Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгаши ҳузурида экспорт гуруҳи қайта тасдишлар тўғрисида.
Шаҳар ҳокими Қобил Хамдамовнинг сессиядаги мурожаатида аҳоли билан ишлаш тизими ва мурожаатлар динамикасига алоҳида тўхталиб ўтилди. Маълумотларга кўра 2025 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига жами 5052 та мурожаат келиб тушган, 2024 йилда бу кўрсаткич 5441 та бўлган, натижада мурожаатлар сони 7,4 фоизга (419 тага) камайган.
Таҳлилларга кўра: 2025 йилда 2365 та мурожаат (51,1%) ижобий ҳал этилган; 2024 йилда бу кўрсаткич 52,1% ни ташкил этган. Шунингдек, фуқаролардан келиб тушган 67 та жамоавий мурожаат кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг 40 таси ижобий ҳал этилган, 17 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган. Бу кўрсаткичлар шаҳарда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими изчил йўлга қўйилганини, бироқ самарадорликни янада ошириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Сессияда яна бир муҳим масала сифатида бир қатор маҳаллаларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш бўйича таклиф кўриб чиқилди.
Жумладан, юқори даражадаги қарор ва топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида шаҳримизнинг “Коинот”, “Саховат”, Мирзо Улуғбек, «Мустақиллик”, “Олмалиқовул” МФЙлари ҳудудларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш учун 2 миллиард 160 миллион сўм миқдорида маҳаллий бюджет маблағларини ажратиш таклиф этилди. Бу маблағлар маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, аҳоли учун қулай ва экологик тоза муҳит яратишга хизмат қилади.
Сессия давомида масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари ҳамда доимий комиссиялар раисларининг хулосалари атрофлича муҳокама қилинди. Кўтарилган ҳар бир масала юзасидан депутатлар томонидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Мухлиса Раҳматуллаева.