Олмалиқ шаҳрида урбанизация жараёнлари, аҳоли эҳтиёжлари ҳамда географик объектларнинг тартибли ва мазмунли номи бўлишига қаратилаётган эътибор самараси ўлароқ, жорий йилнинг 20 июль куни Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашининг 22-сессиясида шаҳар ҳудудидаги 541 та кўчанинг номи ўзгартирилиши ҳақида муҳим қарор тасдиқланди. Бу ўзгариш Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги эксперт комиссиясининг 2025 йил 23 апрелдаги йиғилиш баёни ва эксперт хулосасига асосан амалга оширилди. Шу билан бирга, қарор “Географик объектларнинг номлари тўғрисида” ҳамда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунларининг 6- ва 24-моддалари асосида қабул қилинди.
Кўча номларини замон талабларига мослаштириш, тарихий ва маънавий қадриятларни инобатга олган ҳолда тартибга солиш — мазкур ташаббуснинг асосий мақсадидир. Ҳар бир кўча номи бугунги кунда фақат йўналишни билдириш воситаси эмас, балки маданият ва тарихнинг бир бўлагидир. Шу боис, янги номлар ишлаб чиқилишида миллий ва тарихий шахслар номи, буюк алломалар ва шоирлар мероси, ҳудуднинг табиий ва маданий хусусиятлари эътиборга олинди.
Йиғилишда тегишли ташкилотлар — солиқ, статистика, ички ишлар, адлия, давлат хизматлари марказлари ва бошқаларга тегишли ҳужжат ва давлат рўйхатларига янгиланган кўча номларини киритиш юзасидан топшириқлар берилди. Мазкур жараённи мувофиқлаштириш ва тизимли олиб бориш Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг доимий комиссияси назорати остига олинди.
Кўчалар номларининг ўзгариши фуқароларга ҳеч қандай қўшимча молиявий юк келтирмаслиги мақсадида, ҳужжатлардаги ўзгаришлар учун давлат божи ундирилмаслиги белгиланди. Шунингдек, янгиланган кўча номларини акс эттирган йўлкўрсатгичлар ва белгилар 1 ой муддатда жойига ўрнатилади. Бу шаҳар инфратузилмасини тартибга солиш билан бирга, маҳаллий ва ташриф буюрувчи фуқаролар учун ҳам енгиллик яратади.
Йиғилишда яна бир муҳим масала — расмий ҳужжатларда кўча номларининг аниқ ва тўғри қўлланилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш вазифаси белгиланди. Бу эса ҳужжат айланмаси, фуқаролик ҳолати ёзувлари, почта хизмати, кадастр, коммунал хизматлар ва бошқа тизимлар фаолиятида аниқлик ва уйғунликни таъминлашга хизмат қилади.