Аёл мисоли қуёш каби. Тафти билан қалбларни ёритади. У бор жойда баҳор бор, муҳаббат бор, меҳр-мурувват бор. Фарзандларининг камолини ўз жонидан-да азиз билади. Турмуш ўртоғининг раъйига қарагувчи, сўзини қонундек билгувчи зот аёлдир. Бугунги кунда ўзбек аёллари ҳар соҳада илғор одимламоқда. Корхоналарда ҳам, таълим-у тиббиётда ҳам, сиёсатда ҳам аёлларимизнинг ҳиссаси сезиларли.
Аёл — кўнгил гулшанига нур бахш этувчи қуёш. Аёли бахтли уйнинг файзи ўзгача бўлади.
Аёл — она. Она энг улуғ муаллим, фарзандларининг қалбига илк эзгулик уруғини сепувчи боғбон. Фарзанд учун, жамият учун аёлнинг ўрни беқиёсдир. У ҳаёт устозидир.
Айтсам, баҳор яшар экан куз учун,
Яшаяпсиз, болдек ширин сўз учун,
Навоий ҳам отдан тушган сиз учун,
Миллатимиз қароғисиз, устозлар,
Маърифатнинг чироғисиз, устозлар.
Қимтиниб, ўйланиб, яшабсиз билсам,
Эртам, деб, ўйланиб яшабсиз билсам,
Бир умр бизни деб яшабсиз билсам,
Миллатимиз қароғисиз, устозлар,
Маърифатнинг чироғисиз, устозлар.
Маҳмуд ТОИР.
Бугунги қаҳрамонимиз Дадажонова Дилором Рустамовна ҳам ёшлигидан буён шаҳримиздаги 20-сонли айрим фанлари чуқур ўқитадиган синфлари мавжуд умумий ўрта таълим мактабининг гуллаб-яшнашига ўз ҳиссасини қўшаётган зиёли аёлларимиздан бири ҳисобланади.
Дилором Рустамовна 1974 йил 11 апрелда ишчи оиласида дунёга келган. Афсуски, етти ёшида отаси — Рустам Комилов оламдан ўтди. Онаси — Адолат Аҳмедова тумандаги биринчи тадбиркор аёллардан бири сифатида ҳам ишда, ҳам оилада фидокорлик кўрсатиб, фарзандларини илмга йўналтирди. Барчасини олий маълумотли шахс қилиб, жамиятга фойдаси тегадиган кадр этиб тарбиялади.
Жамоамиз билан биргаликда Дилором Рустамова ишлаётган мактабда бўлдик. Мактабдаги муҳитни кўриб, ўқувчиларнинг билим олишга иштиёқига қараб, очиғи мамнун бўлдик.
Балким, ўзим ҳам шу мактабни тамомлаганим учунми, Дилором опани устоз сифатида жуда ҳам ҳурмат қиламан. Улар ўз сўзида турадиган матонатли аёл. Ўқитувчи ва ўқувчиларнинг қалқони, десам ҳам адашмаган бўламан.
Келинг, энди Дилором Рустамованинг кўнгил кўчаларига сайр қилиб, бир қаттиққўл раҳбарнинг аёллик қалбига қулоқ солсак.
Зеро, аёл қайси касбни эгалламасин, у барибир АЁЛ бўлиб қолаверади.
БОЛАЛИК ХОТИРАЛАРИ
Ёдимда умрбод муҳрланиб қолган воқеа, мени 1-синфга дадамнинг ўзлари олиб чиққан. Уларнинг қўлларидан ушлаб, мактабга борганим унутилмас хотира бўлиб қолди. Афсуски, дадам ўша йилнинг октябр ойида автоҳалокат туфайли вафот этган. Биз фарзандларга ота-онамиз тирик китоб бўлган. Улар ўзларига нисбатан жуда талабчан бўлганлар. Дадам ҳамиша онамни сизлаб мурожаат қилган. Онам раҳбар лавозимида ишлаган бўлса ҳам отамнинг ҳурматини ҳамиша жойига қўйганлар.
Онам 4 нафар фарзандининг ўқишига алоҳида аҳамият берган. Бизларни уй ишларига эмас, асосан ўқишга, билим олишга йўналтирган. Мактабни 1991 йилда имтиёзли тугатганман.
ЎҚИТУВЧИЛИК ФАОЛИЯТИМ
Илк педагогик фаолиятимни Пискент туманидаги 1-сонли мактабда бошлаганман. 1999 йилда Олмалиқ шаҳрига кўчиб келганимиз боис, шаҳримиздаги 20-ИДУМда тарих фанидан дарс бера бошладим. 2001 йилдан эса ўша мактабдаги маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари бўлиб фаолият юритиб келмоқдаман. Ўқитувчининг нони ҳалол. Қайси ташкилотга борсам, ўқувчиларимиз кутиб олиши бир педагог сифатида одамга ғурур бағишлайди. Кўча-кўйда юрсам ҳам, ўқувчиларимнинг салом бериб, ҳол-аҳвол сўраши касбимга бўлган муҳаббатимни оширади.
ОИЛА ВА ҲАЁТИЙ ҚАДРИЯТЛАР
Жамиятда қаттиққўл раҳбар бўлсам ҳам, барибир аёлман. Турмуш ўртоғимнинг севимли рафиқаси, фарзандларимнинг меҳрибон онаси, невараларимнинг энг яхши бувисиман. Аёл оиласида тинчлик бўлса, севимли касбидан ютуққа эришса, фарзандлари ўйнаб-кулиб юрса, у бахтли аёл ҳисобланади. Бахт бу кичик-кичик шукроналикларнинг йиғиндиси, десам адашмайман.
Менимча, аёл кишига эркинлик керак. У ҳам маълум маънода. Раҳбар аёл бўладими, уй бекаси бўладими, қайсидир ташкилотни гуллатадиган ходим бўладими, у бир эркакнинг елкасига муҳтож. Тўғри, аёл киши ҳамма ишни уддасидан чиқа олади, аммо унга МЕҲР керак. Унга меҳр берсангиз ишонинг бир нафасда гуллаб, уйингизни яшнатиб юборади.
РАҲБАРЛИК – ОИЛАНГДАН КАСБИНГНИ УСТУН ҚЎЙИШ ДЕГАНИ
Баъзида афсусланаман, болаларимнинг болалигини ишим туфайли йўқотиб қўйганман. Уларга ОНА керак бўлган пайтда, мен ишда бўлардим. Тўғри, ош-овқатига қараганман. Аммо, улар билан бирга ўйнамаганман, бир сўз билан айтганда, раҳбарлик – оилангдан касбингни устун қўйиш дегани экан. Ҳозирги кунда фарзандларимга бера олмаган меҳрни невараларимга беришга ҳаракат қиламан. Кўп ҳолларда болаларимга, невараларимга бераётган меҳрим сизларга берган муҳаббатимдир, деб таъкидлайман.
Мухлиса Тошпўлатова.