Ёшлик инсон ҳаётининг такрорланмас лаҳзалари. Бу даврда ҳамма нарсани билгинг, янги билимларни тез эгаллагинг келаверади. Ёши катта инсонлар бугунги ёшларга қарата, “Эҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди…”, дея чуқур хўрсиниши шундандир балким. Ҳа, бугун Ўзбекистон ёшларига дунё тан беряпти, жаҳон тан оляпти. Ҳар соҳада илғор, ҳар лаҳзада билимга чанқоқ ёшларни кўриб кўзи қувнайди кишининг.

Бугунги қаҳрамонимиз техника йўналиши бўйича ўз устида ишлаб, устозлик даражасига чиқишга улгурган Абдурасулов Муҳаммадамин Алишер ўғли 2001 йил 12 июнь куни Олмалиқ шаҳрида туғилиб, вояга етган. Ёш мутахассис болалигиданоқ билимга чанқоқлиги билан тенгдошларидан ажралиб турарди. У 18-умумтаълим мактабини муваффақиятли тамомлаб, мактаб йиллариданоқ аниқ фанларга бўлган қизиқиши орқали ўз йўналишини белгилаб олди. Физика ва математика фанларига бўлган муҳаббати уни “Бухоро мактаби”даги қўшимча дарсларга етаклади. Бу ерда Жамшид устоз ва Мурод устозлар раҳбарлигида олиб борилган тинимсиз машғулотлар келажакдаги касбий йўлини танлашда муҳим қадам бўлган бўлса ажаб эмас.
Мактабни битиргач, у Тошкент ахборот техника университетида замонавий технологиялар ва компьютер муҳандислиги бўйича таҳсил олиб, ўз соҳасининг билимдон мутахассисига айланди. Университетни тугатгач, ўзи билим олган мактабда бир йил ишлаб, ёш авлодга ахборот технологиялари бўйича сабоқ беришни бошлади. Унинг машғулотлари замонавий техник жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, ўқувчилар ўрганган назарий билимларини амалиётда синаб кўриш имкониятини берди. Энг муҳими, бу дарсларда ўқувчилар мустақил равишда дастур яратишни ўрганишди.
Ҳозирда Муҳаммадамин мустақил равишда маҳалласидаги фойдаланилмай турган бўш бинони ижрага олиб, хусусий ўқув маркази очишга муваффақ бўлди. Тўғри, ҳали бу марказ кичиккина бўлиб, раҳбар ҳам, ўқитувчи ҳам, ҳисобчи ҳам, СММчи ҳам Муҳаммадаминнинг ўзи. Аммо у қатъият билан тадбиркорлик сари биринчи қадамни қўя олган шижоатлиёшлардан.
Муҳаммадамин оиласида беш нафар фарзанднинг тўнғичи сифатида ука-сингилларидан ташқари тенгдошларига ҳам намуна бўлишга ҳаракат қилмоқда. Отаси Алишер ака – онколог шифокор, онаси Ҳилола Абдураҳмонова эса жисмоний тарбия ўқитувчиси. Бу оила ҳамиша фарзандларини билим ва меҳнатга қизиқиш руҳида тарбиялаб келмоқда. Уларнинг қўллаб-қувватлаши туфайли ҳар бир фарзанд қизиқишига мос йўналишни танлаб, шу соҳада ривожланишга интилмоқда.
Муҳаммадамин доимо мустақил бизнес юритишни мақсад қилиб келганини таъкидлайди. Унинг фикрича, инсоннинг ютуғи дипломига эмас, амалий малака ва қўлидаги ишига боғлиқ. “Асосий билим инсон ўз устида ишлаганда ошиб боради. Ҳар бир ёш ўқиши ва ўзини ривожлантириши шарт”, – дейди у. Шу боисдан доимий равишда янги технологияларни ўрганиш, илғор дастурлаш услубларини ўзлаштириш ва робототехника каби келажак касбларига эътибор қаратади.
Робототехника ва ахборот технологиялари инсониятнинг эртанги кунини белгилайдиган энг асосий йўналишлардан бири ҳисобланади. “Ҳар бир техника йўналишида робототехника мавжуд. Бу касб келажакда энг кўп талаб қилинадиган йўналишлардан бири бўлиб қолади,” – дейди у. Шу мақсадда у ёшларни замонавий фанларга қизиқтириш, уларга мустақил фикрлаш ва амалиёт орқали ўрганиш имконини беришга ҳаракат қилмоқда.
Ўз устида тинимсиз ишлайдиган, билим ва замонавий технологияларни бирлаштириб, келажакни барпо этишга интилган бу ёш мутахассиснинг ҳаётий йўли кўплаб ёшлар учун ибратли. Унинг сўзларига кўра, келажакда муваффақият қозониш учун асосий шарт – ўқиш, изланиш ва доимий ривожланишдир. Бундай қатъиятли ва билимга чанқоқ авлод мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади.
Мухлиса Тошпўлатова.