Бугунги кунда инсонлар бир-бирини на эшитади, на тушунади. Ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги тафаккур жарлиги тобора чуқурлашмоқда. Эркак ва аёл, йигит ва қиз, дўст ва яқинлар — инсонлар орасидаги ишонч аста-секин йўқолиб боряпти. Ҳар ким фақат ўз ҳақиқатини тўғри деб билади. Аммо ҳеч ким бошқасини чин дилдан тушунишга ҳаракат қилмайди. Энг оғриқли муаммо — замонамизни босиб олган ижтимоий тармоқлар, сунъий гўзалликлар, юзаки муносабатлар замирида аста-секин инсонийлик йўқолаётганидир. Катта-ю кичик, ёш-у қари — барчани бир хил қўрқув қамраб олган: келажак. Аммо бу қўрқув яширинган: ташқарида юзимизда табассум, ичкарида эса бўшлиқ ва жимлик. Сохта табассумлар остида айтилмай қолган гаплар, юракда қисилган дардлар ётибди. Энг қўрқинчлиси эса – бу дунёнинг бундай бўлиши ҳеч кимни ажаблантирмаётгани. Кўзлар очилмаган. Вазиятнинг оғирлигини англайдиганлар кам. Ҳар бир кун, ҳар бир муносабат, ҳар бир жимлик — қиёмат аломатлари соясида яшаётгандек. Буни тан олиш оғриқли. Аммо тан олмаслик ундан ҳам оғирроқ.
КЎРИНМАС ДЕВОР
Сўнгги йилларда ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги муносабат тобора совуқлашиб бормоқда. Гап-сўзлар бор, аммо самимият йўқ. Юзлар ёнма-ён, қалблар эса бир-биридан йироқ. Замонавий фикрлайдиган фарзандлар ва анъанавий қарашдаги ота-оналар орасида аста-секин “кўринмас девор” пайдо бўлган. Бу девор ҳеч қандай тошдан эмас. У – тушунмовчиликдан, бепарволикдан, эшитилмаган сўзлардан, берилмаган қучоқлардан қурилган. Ким айбдор? Фақат ота-она демоқчи эмасмиз. Фақат фарзанд ҳам эмас. Ахир қарс икки қўлдан чиқади. Катта авлод ҳаётни содда, оддий, меҳнатга таянилган деб тушунади. “Одам бўлиш” деган тушунчаси улар учун сабр, иззат, қатъият ва ҳаёни англатади. Ёшлар эса бугунги интернет, тезкор маълумот, сунъий интеллект ва шов-шувли ижтимоий тармоқлар ичида улғаймоқда. Лекин ҳаёт ҳақиқатини тўлақонли ҳис этмаяпти. Фикр бор — аммо чуқур эмас. Маълумот кўп — аммо тушунча кам. Шунинг учун ҳам бугунги оила суҳбатлари кўпинча сукут, тушкунлик ёки можаро билан якун топади. Фарзанд ўз саволларига жавобни ота-онадан эмас, чат-ботлардан, сунъий интеллектдан ёки ижтимоий тармоқлардан излайди. Ва бу технологиялар бир қарашда фойдали кўрингани билан, аслида тафаккур жарлигини янада кенгайтириб юборади. Бир вақтлар меҳр бўлган оила энди фақат гажетлар билан тўлган хона. Ҳар ким ёнма-ён, лекин ўз дунёсида. Эшиклар ёпиқ. Юраклар ундан-да ёпиқроқ. Ота-она ишлайди, чарчайди. Фарзанд эса ёнида ўтирса ҳам, уларнинг нигоҳидан яширин — у экранда, қулоғи сунъий овозда, қалби эса… бўм-бўш. Бир вақтлар кўз-кўзга боқиб ҳис қилинадиган туйғулар энди “вақт йўқ” деган сўз билан айтилмай қолмоқда. Фарзанд кўзида нимадир бор — дардми, сўзми, саволми — аммо ҳеч ким кўрмаяпти. Чунки барча эътибор телефонда. Шуни унутмайлик: технология – ақл билан ўйлайди, меҳр билан эмас. У маслаҳат беради, лекин қучоқлай олмайди. Ахборот беради, лекин ҳис қила олмайди. Ота-оналар шунчалик технологияга суянган сари, улар билан фарзандлар орасидаги “кўринмас девор” тобора баландлашмоқда. Бугун фарзанд янги телефон, ноутбук ёки тренддаги совғани сўрайди. Лекин аслида, у – битта илиқ сўзга, ота-онанинг меҳрига, диққатига зор.
БАХТ ҚАЛБ ИЧИДА ЯШИРИНГАН
Кўп муаммоларга жавоб қидирамиз. Кўнглимиз сиқилади. Кўзда ёш, юракда бўшлиқ. Аммо ҳеч ким ўзига битта оддий савол бермайди: «Бахт қаерда?» У қаерда яширинган? Қаердан топамиз уни? Мана шундай саволлар замирида бир доно ҳикоя дунёга келган. Ҳикоя шунчалик чуқурки, уни ўқиган ҳар бир юрак бироз жим бўлади. Бир ўзига қараб қўяди.
Бахт ҳақидаги ҳикоя
Бир куни одамлар Худога мурожаат қилибди:
— Эй Худо, одамзодга берган бахтни улар тинмай қидирмоқда, лекин ҳеч тополмаяпти. Уни шунақа жойга яширайликки, дарров тополмасинлар!
Шунда бири айтибди:
— Уни тоғ чўққисига яширайлик.
Бошқаси эътироз билдирибди:
— Йўқ, улар барибир тоғларни забт этишади.
Яна кимдир айтибди:
— Унда уни денгиз тубига яширайлик!
Лекин бошқалар бу фикрга ҳам рози бўлмайди:
— Одамзод бир кун келиб денгиз тубига ҳам етиб боради.
Шунда энг доно бири чуқур сукутдан сўнг шундай деган:
— Энг яхши жой — одамнинг қалби ичида.
Уни у ерга яширайлик. Чунки одамлар энг кам назар ташлайдиган жой — ўз қалблари.
Улар бахтни доим ташқаридан қидиради: нарсаларда, одамларнинг эътиборида, моддиятда.
Лекин юрагига кам қарайди…Шундан бери инсонлар бахтни узоқдан, бошқалардан, дунёдан излайди. Аслида эса… бахт ўз қалбларида яширин. Биз муаммони бошқалардан, жамиятдан, технологиялардан излаймиз. Лекин асл сабаб, асл ечим — ўзимизда, ичимиздаги қиёматни тан олишда. Хатолар ҳам, дард ҳам, бахт ҳам — қалбдан бошланади. Аммо биз юрагим
ЁПИҚ ҚАЛБЛАР, ОЧИҚ ЭКРАНЛАР
Бугунги даврда ҳар бир уй эшиги ёпиқ. Аммо ундан-да оғирроғи — қалблар ҳам ёпиқлигича. Ёнма-ён яшаётган инсонлар бир-бирини кўрмаяпти, эшитмаяпти, юрагини ҳис қилмаяпти. Олдинлар одамлар бир-бирининг кўзига қараб, бир жим қарашдаёқ юракдагини англаб оларди. Ҳозир эса инсонлар бир-бирига қарайди, аммо кўрмайди, бир-бирини эшитади, аммо тушунмайди. Ёшлар дардини онасига эмас — интернетга, сунъий интеллектга айтмоқда. Чунки у ерда “тезкор жавоб” бор. Лекин бу жавоб — меҳрсиз, ҳисларсиз, совуқ матн.
Телефон ҳар биримиз учун энг яқин инсондай бўлиб қолди. Оналар боласининг кўзидаги дардни ўқий олмаяпти, чунки эътибор бошқа томонда — телефон, янгиликлар, сериал, тармоқ. Ота-оналар чарчоқдан, фарзандлар эса тушунилмасликдан безор. Натижада — ҳамма жим. Ҳамма бир нарсага боқяпти, аммо ҳеч ким кўнгилга қарамаяпти. Оталар фарзанд билан суҳбатдан кўра, телефонидаги хабарларга кўпроқ вақт ажратади. Оналар боласининг изтиробини сезмаяпти, чунки у ўз изтироби билан овора. Ҳамма телефонда, лекин ҳеч ким қалбида эмас. Шу боис, инсон қалби шунчалик совудики, энди ҳеч бир қучоқ ҳам илиқлик бера олмаяпти. Балки бахтни телефонда, трендда, тармоқларда қидириш — энг катта адашишдир. Технология ўз ўрнида фойдали. Аммо у юракни қучоқлай олмайди. У маслаҳат бериши мумкин, лекин самимий “мен сен биланман” деган сўзни айтолмайди. Биз эса айнан шу сўзни кутамиз…
Дунёни тўлиқ ўзгартириш қўлимизда эмас, лекин ўз қалбимизни очиш — ўз қўлимизда. Чунки бу замонда энг ёпиқ нарса — қалблар, ва энг очиқ нарса — экранлар. изга жуда кам қараймиз…
Қундузой РАҲМАТУЛЛАЕВА,
Жаҳон тиллари университети
талабаси.