Болалар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда улар иштирокида содир бўлиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида шаҳримизда қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Эксплуатация-монтаж бўлими ходимлари томонидан йўл ёқасида жойлашган умумтаълим мактаблари олдига янги огоҳлантирувчи йўл белгилари ўрнатилди.
Мазкур чора-тадбирлар болаларнинг йўлларда хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш, ҳайдовчиларни пиёдалар — айниқса, мактаб ўқувчилари қатнови кучли бўлган ҳудудларда эҳтиёт чораларини кучайтиришга чақиришга қаратилган.
Шунингдек, ЙҲХБ ходимлари томонидан мактаб атрофларидаги йўл чизиқлари янгиланди, пиёдалар ўтиш жойлари қайта бўялди. Бу эса нафақат ўқувчилар, балки барча фуқаролар учун қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш имкониятини яратишга хизмат қилади.
Айтиш жоизки, бу каби профилактик ишлар шаҳримизда йўл ҳаракати маданиятини ошириш ва болалар ҳаётини асраш йўлида муҳим аҳамият касб этади.