Олмалиқ давлат техника институтида таълим жараёнини рақамлаштириш, замонавий компьютер технологияларини ўқув жараёнига жорий этиш ҳамда талабалар билимини амалий йўналишда мустаҳкамлаш мақсадида янги масофавий ўқув курслари йўлга қўйилди.
Дарслар МТ 17–24 ва ТМЖ гуруҳларининг «Металларни прокатлаш технологияси» йўналишида таҳсил олаётган талабаларга ўтилмоқда. Машғулотлар белгиланган жадвал асосида, қулай онлайн форматда олиб борилади. Курс интерактив шаклда ташкил этилган бўлиб, у батафсил тавсифлар, амалий кўрсатмалар, дастур билан ишлаш бўйича барча зарур маълумотлар, реал ишлаб чиқариш деталларини моделлаштириш мисоллари ҳамда якуний тест топшириқларини ўз ичига олади.
ТМЖ кафедраси мазкур ўқув дастури доирасида янги дарсларни мунтазам равишда жойлаштириб, талабаларнинг амалий кўникмаларини янада ривожлантиришга эътибор қаратмоқда.
ҚФорм дастури
Ушбу дастур металларга босим билан ишлов бериш жараёнларини моделлаштиришда кенг қўлланилади. У иссиқ, илиқ ва совуқ ҳажмли штамплаш, эркин болғалаш, валсовкалаш, ёйиш ва бошқа кўплаб технологик операциялар учун мўлжалланган. Дастур қулай интерфейсга эга бўлиб, ҳар қандай CАД дастуридан моделларни импорт қилиш, ўрнатилган график тизимда геометрияни ўзгартириш имконини беради.
Калибр дастури
САПР Калибр тизими оддий навли ва шаклдор профилларни прокатлаш жараёнларини ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириш учун мўлжалланган. Ушбу дастур калибровкаларни ишлаб чиқиш вақтини қисқартиради, янги технологияларни жорий этиш харажатларини камайтиради, прокат ускуналари, двигателлар ва стан редукторларининг хизмат муддатини узайтиради.
Калибр дастури аналитик боғланишлар асосида прокат профилининг ўтиш босқичларини ҳисоблайди, прокатнинг энергия-куч параметрларини баҳолайди ва калибр чизмаларини яратади. Дастурда лойиҳалаш жараёнида маълумотларни жадвал ва диаграмма кўринишида таҳлил қилиш, хатоликларни аниқлаш ҳамда натижаларни ҚФорм дастурига экспорт қилиш имкониятлари мавжуд.
Мазкур ўқув курслари орқали Олмалиқ давлат техника институти талабалари металлга ишлов бериш технологияларини рақамли муҳитда чуқур ўрганиш ва амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлмоқдалар.
Исломжон Комилов,
Технологик машиналар ва жиҳозлар кефедраси ассистенти.