Ёши катта инсонларни кўрганимда ҳар доим ҳавасим келади. Улар 60–70 ёшдан ошган бўлса ҳам, ҳануз меҳнатни ўз ҳаётининг асосий қисми деб билади.
Кўплаб кексалар нафақага чиққанидан кейин ҳам бўш қолмай, ўз ҳовлиси, боғи, томорқаси билан банд бўлади. Улар учун меҳнат нафақат кундалик машғулот, балки ҳаёт маъносидир. Шундай инсонлар сафида шаҳримизнинг “Ўзбекистон” МФЙда яшовчи меҳнатсевар, “лимончи” отахон Маматқул Газибеков ҳам бор. Отахон 70 ёшдан ошган бўлса ҳам ҳануз меҳнатда. Нафақада бўлишига қарамай, у ҳар куни саҳар туриб, ҳовлисидаги экинларга қарайди, аёли Норбуви Отақулова билан бирга томорқасидан унумли фойдаланади. Ҳовлисига кирган киши ундаги тартиб-интизом, гўзаллик ва бунёдкорликдан ҳайратга тушади.

Кичкинагина ҳовлисида турли хил гуллар, мевали ва манзарали дарахтлар қад кўтарган. Анорларнинг тарс ёрилган ҳиди, гуллардан келаётган атир, полиз маҳсулотларининг турфа хиллиги — буларнинг барчаси отахоннинг меҳнати ва меҳр-муҳаббати самарасидир. Унинг қўли теккан ҳар бир нарса гуллаб-яшнайди, ҳовлисида ҳаёт нафаси уфуриб туради. Маматқул отанинг меҳнатсеварлиги ва фидойилиги бежиз эмас. Чунки у 44 йил давомида ўз умрини таълим соҳасига бағишлаган. 4 та илмий китоб муаллифи. Шаҳримиздаги тиббиёт техникумида фаолият юритиб, юзлаб шогирдларга устозлик қилган. Илм ва тарбия йўлидаги хизматлари учун нафақага чиққан бўлса-да, ҳали ҳам кўпчиликнинг қалбида самимий хотира сифатида сақланиб қолган.
Унинг маҳалладаги обрў-эътибори ҳам юксак. Қўшнилари ва маҳалладошлари Маматқул отани ҳурмат қиладилар, чунки у доимо меҳр билан ёрдамга шай, маслаҳатлар берувчи оқсоқол сифатида танилган. Кимнингдир ҳовлисида иш чиқса, дарҳол ёрдамга шошади, кимнингдир фарзанди ўқишда қийналса, устозлик қилиб, йўл-йўриқ кўрсатади. Маматқул ота нафақат боғбон, балки чорвадор ҳам. Ҳовлисида қўйлар, товуқлар, куркалар ва бошқа паррандаларни боқади. Улар болалагач, сотиб, оиласига фойда келтиради. Бу билан у нафақат ўз томорқасини самарали фойдаланиш манбаи қилиб олган, балки ёшларга ҳам ибрат бўла олган инсондир.
“Меҳнат қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди. Бундан икки йил олдин иссиқхонамдаги лимонларимни совуқ уриб кетди. Очиғи, бироз тушкунликка тушиб қолдим. Кейинги йил тагидан чиқди лимонларим. Хурсанд бўлиб кетдим. Ёнига мандарин ҳам экдим. Кичкинагина иссиқхонамда кўкатлар, помидор, бодринг экаман. Биласизми, лимон ва мандарин жудаям иссиқ ҳароратни яхши кўради. Унга муҳитини яхши қилиб берсангиз, янада гуллаб мева беради”, — дейди отахон табассум билан. Унинг бу сўзларида ҳаёт тажрибаси, юракдан чиққан ишонч бор. Чунки меҳнат — инсонни яшнатади, жисмоний ва маънавий жиҳатдан бақувват қилади.
Унинг ҳовлисидаги ҳар бир гул, ҳар бир дарахт унинг меҳри ва сабридан сув ичиб, ҳосил берса ажаб эмас.
Шундай инсонлар бор экан, юртимизда меҳнатнинг қадри, фидойиликнинг сийрати ҳеч қачон йўқолмайди.
Мухлиса
ТОШПЎЛАТОВА.