Фуқаролик ҳолати далолатномалари туман ва шаҳарларда ФҲДЁ органларида қайд этилади. Шаҳарча, қишлоқ ва овулларда эса ўлим – фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) томонидан ҳам қайд этилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг чет элда доимий ёки вақтинча яшовчи фуқароларининг фуқаролик ҳолати далолатномалари консул томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ қайд этилади.
Боланинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, бола туғилган жойдаги ёки ота-онасидан бирининг доимий яшаш жойидаги ФҲДЁ органида амалга оширилиши лозим. Ота-онанинг истагига кўра ФҲДЁ органи боланинг туғилганлигини қайд этишни тантанали вазиятда ўтказиши мумкин.
Туғилганлик ҳақидаги ариза бола туғилган кундан бошлаб бир ой муддат ичида берилиши зарур.
Бола туғилганлиги тўғрисидаги ариза ота-онаси ёки улардан бири, алоҳида ҳолларда эса қариндошлари, қўшнилари, тиббиёт муассасалари маъмурияти, ички ишлар ёки васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан берилиши мумкин.
Белгиланган муддатнинг ўтиб кетганлиги туғилганликнинг қайд этилишига тўсқинлик қила олмайди. Бундай ҳолларда заруратга қараб, ФҲДЁ органи туғилиш ҳақидаги ҳужжатга қўшимча равишда бошқа ҳужжатлар талаб қилиши мумкин.
Раъно МАСИДИҚОВА,
шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси.