Жорий йилнинг 5 ноябрь куни шаҳримизда Ўзбекистон Республикаси ва Беларус Республикаси ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш мақсадида Маданият кунлари доирасида кенг кўламли кўргазма ҳамда концерт дастури ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон ва Беларус маданият вазирликлари, Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги ҳамда “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ҳамкорлигида ўтказилди. Тадбир доирасида ташкил этилган кўргазмада Ўзбекистон ва Беларус халқларининг бой маданий мероси, миллий урф-одатлари, амалий санъат намуналари, қўл меҳнати билан тайёрланган буюмлар, миллий либослар ва тарихий экспонатлар кенг жамоатчиликка намойиш этилди.
Кўргазмага ташриф буюрган меҳмонлар беларус рассомлари, ҳунармандлари ҳамда ўзбекистонлик усталарнинг ижод намуналарини катта қизиқиш билан томоша қилдилар. Шунингдек, Беларус Республикасининг замонавий саноати ва туризм соҳаларини ёритувчи ахборот стендлари ҳам эътиборни тортди.
Тадбирнинг маданий қисми — концерт дастури ҳам ўзига хос шукуҳда ўтди. Унда икки давлат санъаткорлари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар, миллий рақслар, жонли ижродаги мусиқалар томошабинларда катта таассурот қолдирди. Беларуслик ва ўзбекистонлик ижодкорларнинг саҳнадаги ҳамкорликдаги чиқишлари халқларимиз ўртасидаги маданий яқинлик ва дўстлик ришталарининг мустаҳкамлигидан дарак берди.
Тадбирда 500 дан ортиқ турли миллат вакиллари иштирок этишди. Улар икки халқ маданиятига оид кўргазма намуналари ва саҳна чиқишларини катта қизиқиш билан томоша қилдилар. Тадбир якунида иштирокчилар бу каби ташаббуслар Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш ва маданий меросни эъзозлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.
Шаҳримизда ўтказилган Ўзбекистон ва Беларус Маданияти кунлари — халқларимиз ўртасидаги дўстлик, тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамловчи ёрқин тадбир бўлиб, у келгусидаги ҳамкорлик алоқалари учун янги имкониятлар эшигини очади.



