Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2025 йил 18 декабрда бўлиб ўтган Ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси маъқулланиб, давлат раҳбари томонидан тасдиқланди. Мазкур қонун асосида 2026 йил учун мамлакатнинг макроиқтисодий прогнозлари, солиқ-бюджет сиёсатидаги асосий устувор йўналишлар ҳамда маҳаллий бюджет
кўрсаткичлари белгилаб берилди.
Айнан шу қонунга мувофиқ равишда Олмалиқ шаҳрининг ҳам 2026 йил учун маҳаллий бюджети шакллантирилди. Унда Президентимиз томонидан белгилаб берилган ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, маҳаллий бюджетнинг молиявий мустақиллигини кучайтириш каби устувор вазифалар кўзда тутилган.
2026 йил учун шаҳримиз маҳаллий бюджетининг даромади 110 015,9 млрд сўм миқдорида прогноз қилинмоқда. Шу миқдорда маҳаллий бюджет харажатлари ҳам режалаштирилган бўлиб, бюджет мувозанатли ҳолда шакллантирилмоқда. Даромадларнинг ўсиши солиқ сиёсатини такомиллаштириш, иқтисодий фаолликни ошириш ҳамда маҳаллий бюджетни қўшимча манбалар билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳисобига таъминланмоқда.
2026 йилда шаҳримиз бюджет харажатларининг 27 фоизи, яъни 30 003,8 млрд сўм таълим соҳасига йўналтирилади. Ушбу маблағ мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари моддий-техник базасини яхшилаш, замонавий таълим дастурларини жорий этиш, ўқитувчилар меҳнат шароитини яхшилаш ҳамда таълим сифатини оширишга хизмат қилади.
Соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш мақсадида спорт соҳасига 7,3 млрд сўм, маданий-маърифий ҳаётни ривожлантириш учун маданият соҳасига 6,9 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги ПФ-206-сон Фармонига асосан, 2026 йилдан бошлаб ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари, 2026 йил 1 июлидан эса вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари Ижтимоий суғурта жамғармаси орқали тўланади.
2026 йилда шаҳримизда “Ташаббусли бюджет” дастури учун 20,3 млрд сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Янги тартибга кўра, фуқаролар лойиҳа қийматининг 50 фоизини ихтиёрий равишда молиялаштирган тақдирда, қолган қисми бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Президентимизнинг 2025 йил 26 декабрдаги ПҚ-387-сонли Қарори маҳаллий бюджетлар молиявий барқарорлигини оширишда муҳим қадам бўлди. Унда маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтириш, ҳокимликлар мустақиллигини кенгайтириш, бюджет интизомини кучайтириш ҳамда аҳолини узлуксиз коммунал хизматлар билан таъминлаш вазифалари белгилаб берилган.
Шу қарор асосида қатор солиқ тушумларини туман бюджетига ўтказиш, алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш йиғимларини маҳаллий бюджетда қолдириш, бозорлар инфратузилмасини ривожлантириш учун қўшимча манбалар яратиш чоралари амалга оширилади.
Дилфуза Рўзиева.