2025 йилнинг 29 декабрь куни Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашининг навбатдаги 35-сессияси бўлиб ўтди. Сессия иши шаҳар ҳокими, депутат Қобил Хамдамов томонидан олиб борилди. Сессияда шаҳар ҳокими ўринбосарлари, ижро органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Дастлаб депутатлар томонидан бир овоздан 25-“Бўстон” сайлов округидан сайланган депутат Зулфизар Мирзанова сессия котиби этиб тасдиқлаб олинди. Сўнг овоз беришни ўтказиш ва унинг натижаларини аниқлаш учун саноқ комиссияси таркиби сайлаб олинди. Унга кўра, Ойбек Қуролбоев комиссия раиси, Зуҳра Пўлатова ва Адҳам Хасанов комиссия аъзолари этиб тасдиқланди.
Шундан сўнг қуйидаги тўртта масала бўйича сессия кун тартиби тасдиқлаб олинди:
- Олмалиқ шаҳрининг 2026 йил маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида;
- Олмалиқ шаҳрини 2026 йилда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ПФ-223 ижроси юзасидан дастурларини тасдиқлаш;
- Олмалиқ шаҳар маҳаллий бюджетининг 2025 йил II чорак даромадлар режасини орттириб бажарилган қисми ҳисобидан фойдаланиш;
- Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгаши раисини сайлаш тўғрисида.
Кун тартибидаги биринчи ва иккинчи масала бўйича шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – шаҳар Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи Шермуҳаммад Бегиевнинг ахбороти тингланди.
“Олмалиқ шаҳар маҳаллий бюджетининг 2025 йил II чорак даромадлар режасини орттириб бажарилган қисми ҳисобидан фойдаланиш тўғрисида”ги депутат Алишер Самадовнинг таклифига кўра тўғридан-тўғри овозга қўйилиши таклиф этилганидан сўнг, ушбу масала мазмуни мазкур сессия ишида муҳокама қилинмади.
Кун тартибидаги сўнгги масала нафақат Олмалиқ, балки Ўзбекистон тарихида янгилик бўлди, дейиш мумкин.
Маълумки, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 120-моддасида халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан сайланган раис бошчилик қилиши ва вилоят, туман, шаҳар ҳокими бир вақтнинг ўзида Кенгашга раислик қилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди.
Конституциянинг ўтиш қоидаларига асосан 2024 йилда илк маротаба халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг биринчи ташкилий сессияларида депутатлар орасидан Кенгаш раислари сайлаб олинди.
Ушбу амалиёт 2026 йилнинг 1 январидан барча туман ва шаҳар Кенгашларига тадбиқ этилиши белгиланган. Қонунчиликка кўра Xалқ депутатлари шаҳар Кенгаши раиси лавозимига номзодларни тавсия этиш учун сиёсий партиялар вакиллари гуруҳини ташкил этиш лозим бўлганлиги сабабли, сессия раиси томонидан сиёсий партиялар қуйидаги вакиллар сайланиб, тасдиқлаб олинди:
ЎзЛиДеПдан вакил, 13-“Дўстлик” сайлов округи депутати Миралимов Баҳодир Бахтиярович; “Адолат” СДПдан вакил, 1-“Чамбил” сайлов округи депутати Матасимов Фахриддин Ҳошимович; ЎзХДПдан вакил, 5-“Коинот” сайлов округи депутати Субанов Сайфиддин Турғунбоевич; ЎзМТДПдан вакил, 2-“Тинчлик” сайлов округи депутати Джураев Абдижаббор Тагаевич; Ўзбекистон Экологик партиясидан вакил, 18-“Увайсий” сайлов округи депутати Мавлонов Азамат Абдишукурович;
Сайлов натижаларига кўра ЎзЛиДеП энг кўп депутатлик ўрнига эга бўлганлиги туфайли, унга вакил Баҳодир Миралимов раислик қилди.
Сиёсий партиялар вакиллари гуруҳи томонидан шаҳар Кенгаши раиси лавозимига номзодларни шакллантириш ҳамда тавсия этиш учун алоҳида хонага чиқиб маслаҳатлашув ўтказилди ҳамда Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши раислигига номзод тавсия этилди. Номзодни шаҳар Кенгаши раиси лавозимига сайлаш бўйича депутатлар бир овоздан розилик беришди. Унга кўра шаҳар Кенгашининг қарори билан депутат Каримов Дониёр Дилмуродович Олмалиқ шаҳар Кенгаши раиси этиб сайланди.
Дониёр Каримов 1984 йил 27 августда Олмалиқ шаҳрида туғилган. Миллати ўзбек. Маълумоти олий. 2006 йилда Тошкент ирригация ва мелиорация институтини, 2012 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. 2016 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
Сессия якунидан олдин сўзга чиққан шаҳар Кенгаши раиси Дониёр Каримов ҳудудимизнинг равнақи, аҳолимизнинг фаровонлиги йўлидаги фаолияти йўлида депутатлар ва халқимиз билан елкама-елка туриб самарали фаолият юритишга сўз берди. Шаҳар ҳокими Қобил Хамдамов ва депутатлар янги Кенгаш раисининг келгуси фаолиятига самимий тилакларини билдириб ўтишди.


