Қутлумуратов Азиз Рўзимович 1980 йил 21 октябрь куни Хоразм вилоятида туғилган. Миллати — ўзбек. Болалигиданоқ Ватанга муҳаббат, бурч ва масъулият туйғуси унинг қалбида мустаҳкам жой олган. Дастлабки бошланғич таълимни Хоразм вилоятидаги 47-мактабда олган. 9-синфни тугатгач, 1-сонли лицейда ҳарбий йўналиш бўйича ўқишини давом эттирган. Истеъфодаги ҳарбий. Ипак йўли инновациялар университетининг таъсисчиси.
— Азиз Рўзимович, аввало суҳбатга рози бўлганингиз учун раҳмат. Касб байрамингиз муборак бўлсин. Сиз учун Ватан нима?
— Ватан — бу сўзни таърифлаб бўлмайди. У қалбга сиғмайдиган ҳиссиёт. Ватанга бўлган ҳурмат аввало инсоннинг ўзидан бошланади: қонунга итоат қилиш, халқ қадриятларини асраш, миллий ғурурни сақлаш, юрт тинчлигига бефарқ бўлмаслик — мана шу ҳақиқий ҳурмат белгисидир. Ватанни севиш баланд шиорлар билан эмас, балки ҳалол меҳнат, пок ният ва масъулиятли ҳаёт билан намоён бўлади.
Ватанга хизмат эса фақат қурол билан ҳимоя қилиш дегани эмас. Устознинг шогирд тарбиялаши, шифокорнинг беморга шифо бериши, муҳандиснинг юрт равнақи учун меҳнат қилиши, тадбиркорнинг иш ўринлари яратиши — буларнинг барчаси Ватанга хизматнинг турли, аммо улуғ кўринишларидир.
— Болаликдан бошланган мақсадларингиздан бири — ҳарбий бўлишни танлаганингизга нима туртки бўлган?
Аввало, бу касбни танлашим Ватанимизга бўлган муҳаббатимнинг кучлилиги билан боғлиқ, деб ўйлайман. Қолаверса, амаким ҳарбий бўлган. Уларнинг хизматини кўриб, Ватан ҳимоясига бўлган фахр туйғуси менда эрта шаклланган. Уларнинг кийиниши, мардлиги ва ҳар бир сўзини буйруқ оҳангида сўзлаши менда катта қизиқиш уйғотарди. Шу сабабли ҳарбий лицейни тамомлаб, бир ярим йиллик ҳарбий хизматга йўл олдим. Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент ҳарбий округи сержантлар тайёрлаш мактабида таҳсил олдим, шунингдек, Тошкент шаҳрида жойлашган ҳозирги ДХХ институтида ҳам таълим олдим.
Ўзбекистон Республикасида 20 йил давомида ҳарбий соҳада турли лавозимларда хизмат қилдим ва ҳарбий хизматдан нафақага чиқдим. Айни пайтда педагогика ва психология йўналиши бўйича (PhD) докторнатура босқичида таҳсил олмоқдаман.
— Ҳарбий хизмат сизга нима берди? Бу хизмат йигитларимизни ўзгартирадими?
— Ҳарбий хизмат менга, аввало, Ватаннинг қадрини юракдан ҳис қилишни ўргатди. Қўлга қурол олиш эмас, балки қалбда масъулиятни кўтариш қандай бўлишини англатди. Тинч осмон остида ухлаш қандай улуғ неъмат эканини, ҳар бир сокин тонг ортида кимларнинг бедор кечалари турганини тушундим. Бу хизмат менга сабр-тоқат, матонат ва бурчга садоқатни ўргатди. Қийинчилик олдида синмасликни, қўрқувни енгиб, Ватан шарафи учун бир қадам олдин юришни сингдирди. Энг муҳими, юрагимда “мен керакман, мен масъулман” деган туйғуни мустаҳкамлади.
Албатта, ўзгартиради. Армия — бу ҳаётнинг ўзи, мардлик ва матонат мактаби. Мактаб ёки университет инсонга билим беради, армия эса уни инсон қилиб тарбиялайди. Ҳарбий хизматни ўтаган йигит масъулиятни елкасида ҳис қилади, сўзининг устида турадиган, қийин вазиятда йўл топа оладиган шахсга айланади. Шунинг учун армияни кўрган йигитлар ҳаётда адашмайди, ўз ўрнини топа олади, деб ишонаман.
— Нафақага чиққанингиздан сўнг, нималар билан шуғулландингиз?
— Нафақа — тўхташ дегани эмас. Нафақага чиқаётган пайтимда Ангрен шаҳри мудофаа ишлари бўлими раҳбарияти мактабда директор ўринбосари лавозимига тавсия қилди. Мактабда икки мингдан ортиқ ўқувчи бор эди. Фарзандларим ҳам Оҳангаронда ўқигани учун рози бўлдим. Очигини айтсам, дастлабки пайтда тартиб масаласи мени қониқтирмади. Шунинг учун ўзим билган, ҳарбий интизомга асосланган тартибни жорий этишга ҳаракат қилдим. Натижада ижобий ўзгаришлар бўлди.
— Университет очиш ғояси қачон пайдо бўлди?
— 2018–2019 йилларда бу фикр тобора мустаҳкамланиб борди. Таълим тизимига ўз ғояларим ва шу соҳага ўз ҳиссамни қўшишни истадим. Шундан сўнг аниқ ўқув режаларимни тузишга киришдим. Дастлаб Олмалиқ шаҳридаги Ипак йўли инноватциялар университетини ташкил этганим ҳаётимдаги энг муҳим қадамлардан бири бўлди. Бу ғоя узоқ йиллик ҳарбий хизмат ва таълим соҳасидаги кузатувларим натижасида шаклланган. Илм-фан ва инновацияга асосланган, замонавий фикрлайдиган ёшларни тарбиялашни мақсад қилган эдим.
— Олмалиқ шаҳрида ташкил этилган Ипак йўли инновациялар университетининг асосий мақсади нимадан иборат?
— 2022 йил 2 апрель куни Олмалиқ шаҳрида Ипак йўли инновациялар университетига асос солдик. Бу қарор шунчаки янги таълим муассасаси очиш эмас, балки келажакни барпо этиш йўлидаги масъулиятли қадам эди. Бизнинг асосий мақсадимиз — глобал фикрлайдиган, замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга, мустақил қарор қабул қила оладиган, айни пайтда ўз Ватани тақдирига бефарқ бўлмаган рақобатбардош мутахассисларни тарбиялашдир.
Биз университетни фақат маҳаллий эмас, балки халқаро таълим маконининг ажралмас қисми сифатида кўрамиз. Шу боис таълим жараёнида назария билан амалиёт уйғунлигига, инновацион технологиялар, илмий тадқиқотлар ва замонавий ўқитиш усулларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Ишончим комилки, билимли ва онгли ёшлар — ҳар қандай мамлакатнинг энг катта бойлиги ва барқарор тараққиёти гаровидир.

— Сифатли таълим масаласида шахсий талабингиз қандай? Раҳбар сифатида нималарга аҳамият берасиз?
— Мен учун таълимда юзакиликка асосланмаган бўлиши керак. Университет очилмасидан олдин ҳар бир фан, ҳар бир ўқув қўлланмасини пухта ишлаш учун бир йилдан ортиқ меҳнат қилдим. Шунингдек, тажриба орттириш учун Низомий номидаги давлат университетида икки ойдан ортиқ фаолият юритдим. Чунки раҳбар аввало ўзи ўрнак бўлиши керак. Сифатли таълим — бу келажакка қўйилган мустаҳкам пойдевордир.
— Бугунги кунда университетда таълим олаётган талабалар сони ва улар олдидаги масъулият ҳақида нима дейсиз?
— Ҳозирги кунда университетимизда 1800 тадан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Бу рақам ортида катта ишонч ва улкан масъулият ётибди. Ҳар бир талаба — ота-онанинг умиди, жамиятнинг келажаги. Шу сабаб биз уларга нафақат билим, балки ҳаётда керак бўладиган тарбия, интизом ва ватанпарварлик руҳини ҳам сингдиришга ҳаракат қиламиз.
— Ҳарбий ва таълим соҳасидаги раҳбар сифатида сиздан кеийнги ўсиб келаётган авлодга нима дея оласиз?
— Ёшларга айтадиган энг асосий маслаҳатим: Ватанни чин дилдан севинг, илм олишдан тўхтаманг, интизомли ва масъулиятли бўлинг. Ҳеч қачон енгил йўлни танламанг, чунки осон ютуқ бардавом бўлмайди. Агар мақсадингиз аниқ, ниятингиз пок бўлса, меҳнат албатта самара беради. Биз келажакни ана шу онгли, билимли ва ватанпарвар ёшлар қўлида кўрамиз.
Ватан тинчлиги ва осойишталиги йўлида мардлигу жасорат кўрсатиб, керагида ҳатто жонини фидо қилишга тайёр ўғлонлари бор экан, у ҳамиша юксалаверади. Зеро, Ватан ҳимояси йўлидаги мардлик фақат жанг майдонидагина содир бўлмайди. Асл қаҳрамонлик ва мардлик кундалик ҳаётимизда шу юрт равнақи учун хизмат қилиш, эл манфаатини ўз манфаатидан устун қўйиб, миллий ғурур ва ўзликни англаган ҳолда, мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаш демакдир.

— Кучли эркакнинг ортида кучли аёл туради. Биз турмуш ўртоғим билан барчасини бошидан ўз кучи-
миз билан бошлаганмиз. Турмуш ўртоғим икки кунлаб ишда қолиб кетарди. икки ўғлим билан уларни
йўлига қараб термулардик. Бига юрган эру хотинларни кўрсам, ичимдан «қачон биз ҳам шундай юрар экан-
миз», деган саволлар ўтарди. Ишонасизми, бирор марта ҳам бу ҳақида турмуш ўртоғимга айтмаганман.
Бугунги ёшларимизнинг кўпи ижтимоий тармоқлардаги юзаки ҳаётга қизиқади. Онам айтардилар,
«Турмуш — мушт!» деб. Унга чидай олган инсонларгина бахтли ҳаёт кечиради. Ҳарбийлар ватанга хиз-
мат қилса, унинг аёллари оиласига, фарзандларига хизмат қилади. Бир ҳарбийнинг аёли сифатида
шуни айта оламанки, аёлнинг бахти эрининг садоқати ва мардлиги билан ўлчанади. мен бахтли аёлман.
Дилором Қутлумуратова, аёли.
Мухлиса РАХМАТУЛЛАЕВА