Ўзбекистонлик аёлнинг Россияда муҳожир бўлиши — нафақат иқтисодий қийинчиликларга, балки аксар ҳолларда энг оғир ижтимоий иллатга дуч келиши демакдир. Яъни, уй ва иш жойидаги зўравонлик ҳамда тегажоғлик муаммоси уларни ҳуқуқсиз ва ҳимоясиз қатламга айлантириб қўйган.
- Аёлларга шилқимлик қилиш бу ерда оддий ҳолга айланган, ҳеч ким жиноят деб жиддий қарамайди, — дейди Москва вилоятида ишлаётган 28 ёшли ватандошимиз Моҳира.
У эрта турмушга чиққан ва оилавий можаролар ортидан 2 йил аввал эри билан ажрашиб, Россияга ишлашга келганини гапириб берди. - Ўзбекистонда қолган ота-онам, икки укам учун пул юборишим керак эди. Ўқимаганман, оддий иш изладим: фаррошликми, идиш ювиш. Нима иш бўлса ҳам, фақат ҳалол меҳнат бўлсин, дедим.
Иш топиш осон эмас экан. Телеграм гуруҳлар, эълонлар, таниш-билиш…
Рус тилини билмаганим учун иш имкониятим ҳам кўпмасди. Асосан, ўзбеклар ишлайдиган жойларга иш сўраб борардим. Қаерга борсам, у ерда менга «ғалати» қарашарди. Қўлимдан нима иш келиши эмас, оилам бор-йўқлигини, бу ерга ким билан келганимни сўрашарди.
Аввал бошда аҳамият бермадим. Кейин тушундимки, улар ишимни эмас, мени баҳолашар экан.
Кунлик ишларда юрдим. Иш топишимга ўзимизни ўзбеклар бирам ёрдам бермоқчи бўладики! Тўғри маънода эмас, албатта.
Бу эркаклар иш топиб бериш баҳонасида телефон рақамимни олишарди. Кейин у-буни баҳона қилиб, қўнғироқ қилишар, моддий ёрдамлар таклиф қилишарди. Сўрамасам ҳам, телефонимга пул солишарди.
Уларнинг шилқимлик, тегажоқлик гаплари ҳам жиноят бўлса керак. Ҳозир интернетда кўп айтилаяптику. Биз буни оддий ҳол деб қараб ўрганиб қолганмиз. Хатто қўллари «югуриб» кетса ҳам, бир жеркиб ташлаб йўлимизда давом этамиз.
Бир куни қурилишга ошпаз керак, дейишди. Қўшни хонадаги танишларини ёнига тез-тез келиб турадиган эркак эди. Уста ошпаз эмасман, десам ўзбекча овқатларни билсанг бўлди, ишчилар ўзимизникилар, деди.
Ҳар куни 3 маҳал 16 кишига овқат қилинаркан. Яна, «Қолишга жой бор, ўша ерда ётиб ишласанг ҳам бўлади. Яшаш, еб-ичиш бепул», деди.
Ойлигим «тоза» қолишини эшитиб хурсанд бўлдим. Ҳужжат ҳам сўрашмайди, яхши имкон, деб ўйладим.
Чоршанба куни иш кўришга борадиган бўлдик.
Менинг боришим қурилиш жойида ишлаётган эркакларга айтилган экан. Ичимда сал қўрқдим, 16 та эркакни ичига бораяпман, ахир! - Аёллар борми? — деб сўрадим таниш эркакдан.
- Ҳа, 2 та фаррош хотин бор, улар билан яшайсан,- деди.
Кўнглим бироз тинчланди. Бордик.
Соат кечки еттиларда кириб борганимизда, ишчилар овқатланиб ўтиришган экан. Бари куёвчаларга ўхшаб, соч- соқолини олган, кийиниб «посон» бўлиб олган экан. Атирларни ҳиди ҳам бор эди. Ичимда кулгим келди, булар қурилишда ишлайдими, нега бунча ўзларига қараб олишган, деб ўйладим. Мени кўриб ўзларини қанақадир бошқача тутишди. Яъни, яхши кўринмоқчидек. Ҳайрон ҳам бўлдим.
Иш билан танишдим, нонушта ва кунига 2 маҳал овқат қилиш қўлимдан бемалол келарди. Фақат катта қозонга ўргансам, бўлди эди.
Мурод ака (таниш эркак) энди хонангизни кўрсатай, деб юқори қаватга йўл кўрсатди. Мен олдинга тушиб кетаётсам, ҳалиги ишчи болалардан иккитаси Мурод аканинг ёнига келди. Менга бораверинг, деб имлади. Ўзаро гапдир, деб улардан узоқлашдим. Аммо қарасам, нималарнидир тортишаётгандилар.
Қўллари бир-бирига пахса бўлишгача борди.
Охири, Мурод акани баланд овозда «шошма ей, олдин ишни пишитай», деганини эшитдим. Тўртови ҳам мен томонга қаради.
Мени ишимни гаплашишаяптими, билолмадим. Нима деб ўйлашни ҳам билмайман, аммо уларни менга қарашларидан ичим ҳижил бўлди. - Аёллар қаерда? — деб сўрадим менга яқинлашиб келаётган Мурод акадан. Улар бугун «подработка»га кетишувди, кечроқ келади. Сиз жойлашиб тураверинг”, деди ва бир хонага бошлаб борди.
Ичкарига киришим билан орқамдан кирди ва шартта эшикни ёпиб, менга ёпишиб кетса бўладими!
Қўрқиб кетиб бақира бошладим. Оғзимни бекитиб, менга куч ишлаб зўравонлик қиларди. «Ёрдам беринглар», деб бақирдим. Пастки қаватдаги ишчилар мени эшитдими-йўқми, билмадим. Ҳеч ким ёрдамга келмади. У одамга менинг кучим етмади, ерга ётқизволиб мени зўрлади. Қаршиликларимга эса аямай урди.
Хўрланган, бир аҳволда қолдим. Ҳаммаёғим қақшаб оғрирди. У одам чиқиб кетди. Йиғлай-йиғлай, секин ўрнимдан туришга ҳаракат қилдим.
Энг даҳшатлиси, шу пайтда бўлди. Ҳалироқ йўлақда Мурод ака билан тортишган эркакларнинг бири кириб келди…
Менинг дод-войимни ҳеч ким эшитмади. Ёки эшитса ҳам парво қилишмади. Ўша куни ярим кечагача 3 эркак кетма-кет зўрлади. Соғ жойим қолмади.
Карахт ётарканман, нега мени келишимга буларнинг ўзига қараб ясаниб олганини, йўлакдаги тортишувларини англагандек бўлдим.
Эрталаб оёғимни зўрға судраб, бино ҳовлисига чиқдим. Ишчилар ҳеч нима бўлмагандек, нонушта қилиб ўтиришган экан. Мени кўришди, бир-бирига қараб устимдан кулганликларини кўрдим. Ҳаммадан нафратланиб кетдим.
Тезроқ бу ердан кетиб, полицияга бораман, деб ўйладим. Кечаги мени зўрлаганлар кўринмади. Ўзим йўлимни топиб, кўчага чиқдим.
Темирйўл ёқаси бўйида полиция деб ёзилган бинони кўрдим. Яқинроқ бориб бирпас ўтирдим. Кирмоқчи бўлган шаштимни қўрқувим қайтарди. Ҳужжатим йўқ, ўзимни депорт қилиб юборишса-чи, деб қўрқдим.
Бекат ўриндиғида бир соатларча ўтириб, квартирамга қайтдим. Ҳамма ишда эди, аҳволимни фақат уйдаги қирғиз қўшним кўрди. Кўрибоқ, тушунди. Нима бўлганини тахмин қилди.
«Юр, полицияга борамиз», деб роса мени кўндирмоқчи бўлди. Бормадим. Ўралиб ётдим. Шу аҳволда бир ҳафтача ётдим. Бу вақтда тинимсиз ўйладим.
Россияга келган кунимга, арзимаган нарсани жанжал қилиб ажраган эримга, қийин ўтган ҳаётимга лаънат ўқидим”
Моҳира ҳаётидаги даҳшатли бу воқеани фақат яқин дугонаси — Дилнавозга гапириб берган экан.
«Мигрант.уз»нинг грантлар дастури доирасида ўнлаб ўзбекистонлик муҳожир аёллар билан танишдик, ҳаётларида бўлган оғир хотиралари ҳақида гаплашдик. Шу аснода Дилнавоз «бир дугонам жуда ёмон воқеага дуч келган, аммо ҳаммадан яширади», деб қолди.
Биз бу каби иллатлар очилсагина, бошқаларга ибрат бўлиши, яна қанча аёлларни кўнгилсиз ҳодисалардан огоҳликка чақириш имкони эканини тушунтирдик.
Моҳира ўйлаб кўриб, рози бўлди.
«Энг ёмони, мен ўшандан кейин ҳаммадан нафратланадиган бўлиб қолдим. Ўзимдан ҳам шундай нафратланаманки, ўлдиргим келади», деди сўзини охирида.
Зўравонлик, таҳқир ва тажовуз қурбонларига нафақат ҳуқуқий ёрдам, балки психологик кўмак ҳам жуда зарур.
Афсуски, Россиядаги ўзбекистонлик муҳожир аёллар кўп ҳолларда «ўз ёғига ўзи қоврилиб» яшашни танлашади.
Россияда зўравонлик ёки тегажоқликка дуч келган мигрант аёл биринчи қадамда нималарни қилиши керак?
Миграция масалалари бўйича юрист Валентина Чупик мигрант аёлларга қуйидаги тавсияларни берди:
Аввало, агар Россияда зўравонлик ёки тегажоқликка дуч келсангиз — сукут сақламанг!
Имкон қадар хавфсиз жойга чиқинг ва яқин атрофдаги одамлардан ёрдам сўранг.
102 (полиция) ёки 112 (фавқулодда хизмат) рақамига қўнғироқ қилинг. Далилларни сақланг: видео, сурат ва гувоҳларни йиғинг.
Ўзбекистон элчихонаси ёки консуллигига мурожаат қилинг.