«Жадид» сўзини тилга олар эканмиз, беихтиёр хаёлимизда Чўлпон, Фитрат, Беҳбудий, Қодирий, Авлоний каби буюк боболаримизнинг суратлари гавдаланади. Лекин шу ўринда савол туғилади. Нима учун жадид деганда буюк момоларимизни тилга олмаймиз? Ахир, бизнинг Тўмарис каби жасорат кўрсатган аёл жадидларимиз ҳам бор-ку. Уларнинг қаторига эса Хайринисо Мажидхоновани киргизишимиз мумкин.
Хайринисо Мажидхонова 1905 йил 25 декабрда Тошкент шаҳрида дунёга келди. Оиласи зиёли ва маърифатпарвар бўлганлиги сабабли у опаси Ойпошшо Мажидхонова билан жадид мактабларида Мунаввар Қори, Саодат Еникева каби устозлардан таҳсил олди. Кейинчалик рус ва немис тилларини ўрганишни бошлайди. Хайринисо 17 ёшидаёқ газеталарда турли мақолалар ёзар, Совет ҳукуматини ўзининг теран фикрлари билан ларзага соларди.
Ёш бўлишига қарамай жуда зукко бўлганлиги сабабли 1922-1928 йилларда Германияда таълим олиш учун 70 та талаба орасида у ҳам жўнатилади. Хайринисонинг отаси: «Эзилган миллатлар, қоронғиликда қилган юртини келгусида чин билим билан ёритмоқ учун бу йил хорижга кетган талабалар орасида қизим Хайринисо ҳам бор эди. Билим учун узоқ элларга биринчи ўзбек қизини юбориш шарафи, шукрлар бўлсунким, менга насиб бўлмиш» деб хурсанд бўлган эди. Хайринисо 1927 йил ёз фасли таътилида дугонаси Марям Султонмуродова билан Парижга саёҳат қилишади. У ерда бухоролик Аҳмад Наим ва Туркистон муваққат ҳукуматининг собиқ раиси Мустафо Чўқаевлар билан учрашиб қўлишади ва улар билан бир неча марта учрашишади.
Билимли ёшлар сонини камайтириш ва халқни саводсиз ҳолатда ушлаб туриш сиёсати сабабли Хайринисо секин-аста кўплаб тазйиқларга учрай бошлайди. 1927 йил СССРга қарши жосус дея айблов қўйилиб уйида тинтув ўтказилади. Гёте, Шиллер, Қодирий, Чўлпон каби ёзувчилар асарлари, турли ён дафтарлар ҳамда ёзишма мактублари топилади ва барчаси йўқ қилинади. Хайринисо 1937 йилда асоссиз сабабларга кўра қамоққа олинади, 1938 йил 9 октябрда ЎзССР Жиноят Мажмуасининг 62,64 ва 67-моддалари бўйича Туркистон жосуси деб ҳисобланиб отиб ташланади.
У ўзининг бир неча йиллик изланишлари давомида кўп иш қилишга улгурмаган бўлса-да ўзбек аёллари учун дебоча бўла олди. Мустақиллик йилларида унинг номи оқланди ва унга атаб кўчаларга ном берилди.
Лайло Маманазарова,
ТДШУ, Хорижий тил ва адабиёти факультети талабаси.