Бугун қимор ўйнаш учун қиморхонага бориш шарт эмас. Уйингизда ўтириб, телефон орқали бир тугмани босиш кифоя. Ана шу “осонлик” ортида эса минглаб синган тақдирлар, вайрон бўлган оилалар ва йўқотилган умрлар ётибди.
Онлайн қимор — бу шунчаки ўйин эмас. Бу инсон иродасини секин-аста емириб, уни ўз домига тортадиган хавфли тузоқдир.
Кўпчилик бу йўлни “синаб кўриш”дан бошлайди. Биринчи марта — қизиқиш, иккинчи марта — умид, учинчи марта эса қарамлик. Шундан кейин инсон ўйинни эмас, ўйин инсонни бошқара бошлайди.
Энг хавфли жиҳати — бу ўйинлар инсон онги билан ўйнайди. Илмий жиҳатдан қаралганда, қимор жараёнида мияда “қувонч гормони” — дофамин ажралиб чиқади. Ғалаба шарт эмас. Ҳатто ютқазган пайтингизда ҳам мия яна шу ҳолатни талаб қилади. Натижада инсон ўз-ўзидан қутула олмайдиган доирага тушиб қолади.
Бугун интернетда “1xBet”, “Gift of Legacy” каби номлар остидаги онлайн ўйинлар айниқса ёшларни ўз домига тортаётгани ачинарли. Энг ёмони — одамлар катта миқдорда пул ютқазиб, қарзга ботиб, охир-оқибат жиноят йўлига кириб қолмоқда.
Қиморбозлик шунчаки одат эмас — бу касаллик. Мутахассислар уни икки босқичга ажратади: муаммоли ва патологик қиморбозлик. Иккинчиси эса аллақачон руҳий хасталик сифатида тан олинган. Бундай инсонлар ўзларига етказилаётган зарарни тушунса ҳам, тўхтай олмайди.
Қиморнинг биринчи қурбони — инсоннинг хотиржамлиги. Кейин эса маблағи, обрўси, оиласи ва ниҳоят, ўзи йўқолади.
Стресс, депрессия, уйқусизлик — бу иллатнинг доимий “ҳамроҳлари”. Қарзлар ортидан қувиш, ютқазилган пулни яна қайтариш илинжи инсонни янада чуқур ботқоққа тортади. Оқибатда эса фожеа юз беради.
Статистика эса янада даҳшатли: қиморбозларнинг катта қисми ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйлаган ёки бундай уриниш қилган.
Бу фақат бир инсоннинг муаммоси эмас. Бу — бутун оиланинг фожеаси. Қимор туфайли ажрашишлар, жанжаллар, ҳатто зўравонлик ҳолатлари ортиб бормоқда. Болалар эса бу муҳитда улғайиб, худди шу йўлни такрорлаш хавфи остида қолмоқда.
Энг ачинарлиси, қимор инсонни жиноятга етаклайди. Қарзни ёпиш учун ўғрилик, фирибгарлик, ҳатто оғир жиноятлар содир этиш ҳолатлари кўпаймоқда.
Қонун бу борада қатъий: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 191-моддасида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этганлик учун жавобгарлик белгиланган, яъни бу ҳуқуқбузарлик ана шу ўйинлар буюмларини, шунингдек, ўйинга тикилган ҳамда ўйиндаги ютуқ бўлган пуллар, ашёлар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш ёхуд вояга етмаган шахсни қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда иштирок этишга жалб қилиш ана шу ўйинлар буюмларини, шунингдек ўйинга тикилган ҳамда ўйиндаги ютуқ бўлган пуллар, ашёлар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Юқорида таъкидланганидек, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этганлик ҳамда ўтказганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-моддасида жиноий жавобгарлик назарда тутилган.
Унга кўра, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш, шу жумладан ана шундай ўйинлар учун қиморхоналар ташкил этиш ёки уларни сақлаш етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Юқоридаги ҳаракатлар:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Огоҳ бўлинг:
Осон пул – энг қиммат йўқотиш!
Ишонч телефонлари:
71-232-43-91, 71-232-45-40
Алишер Қурбонов,
Тошкент ҳарбий прокурорининг
ёрдамчиси, адлия подполковниги.