Кутилмаганда бола юқоридан чанг тушаётганини айтиб қолди. Нилуфар опа ташқарига чиқиб қараса, ҳақиқатдан ҳам кирларига чанг қўнаётган эди. Бир зумда унинг ичида ғашлик уйғонди. У сабабини аниқлаш учун иккинчи қаватда яшовчи қўшниси — Мадина опанинг эшигини тақиллатди.
Эшик очилди. Икки аёл ўртасида аввал сокин бошланган гап тез орада кескин тус олди. “Мен ҳеч қандай чанг туширганим йўқ” деди Мадина опа. Нилуфар опа эса боласининг гапига ишонар, ўзини ҳақ деб биларди. Шу пайт Нилуфар опанинг синглиси — Замира ҳам чиқиб келди. У опасини ҳимоя қилмоқчи эди. Аммо унинг аралашуви вазиятни тинчлантирмади, аксинча, янада кескинлаштирди. Мадина опа уларни телефонга тушира бошлаганда, ҳолат янада чигаллашди. Нилуфар опа буни ҳақоратдек қабул қилди. Қисқа лаҳза ичида асаблар чидолмади у ичкарига кириб, Мадина опани деворга тиради.
Замира уларни ажратмоқчи бўлди, аммо у ҳам можаро ичига тортилиб кетди. Телефон ерга отилди, сочлар тортилишди, бақир-чақир бутун йўлакни титратди. Ҳаммаси бир неча дақиқада юз берди, аммо оқибати анча оғир бўлди. Шу вақт юқори қаватда яшовчи қўшни аёл чиқиб келиб, уларни зўрға ажратди.
Кейинчалик шифокорлар Мадина опанинг тан жароҳатларини қайд этишди. Унинг оғриқлари бир неча ҳафта давом этди. Бу воқеа эса судгача етиб борди. Судда Нилуфар опа қилган ишидан пушаймонлигини айтди. Замира ҳам ўзини оқлашга ҳаракат қилди. Аммо далиллар, гувоҳлар ва тиббий хулосалар воқеанинг ҳақиқий манзарасини очиб берди. Натижада суд уларни айбли деб топди. Лекин жазо танлашда уларнинг аввал судланмагани, оилавий аҳволи ва пушаймонлиги инобатга олинди. Уларга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.
Маъмуржон Тўйчиев,
жиноят ишлари бўйича шаҳар суди раиси.