2025 йил 26 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга ва бутун халқимизга навбатдаги йиллик Мурожаатномасини йўллади. Ушбу Мурожаатнома мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеа бўлиб, унда ўтган йил натижалари чуқур таҳлил қилиниб, келгуси тараққиётнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.
Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада «Инсон қадри – энг олий мезон» тамойили асосида олиб борилаётган ислоҳотлар натижаларига алоҳида тўхталди. Бугунги кунда барча соҳаларда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг марказида инсон манфаатлари, унинг фаровон ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласи турибди.
Мурожаатномада иқтисодий тараққиёт масалалари етакчи ўрин эгаллади. Президентимиз мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ўсиб бораётганини, саноат, тадбиркорлик, инвестиция ва экспорт салоҳияти йилдан-йилга ортиб бораётганини таъкидлади. Айниқса, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш борасидаги вазифалар аниқ белгилаб берилди. Бу эса жамиятда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ижтимоий соҳа ва маънавий-маърифий йўналиш Мурожаатноманинг энг муҳим жиҳатларидан бири бўлди. Таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, ёшларни ватанпарварлик, миллий ғурур ва маънавий поклик руҳида тарбиялаш, оила ва маҳалла институтининг жамиятдаги ролини кучайтириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Давлат раҳбари ёшлар билан ишлашда фақат назорат эмас, балки ишонч ва кўмак тамойилини кучайтириш зарурлигини алоҳида қайд этди.
Маҳалла тизимини ривожлантириш масаласи Мурожаатномада алоҳида урғу билан тилга олинди. Маҳалла – жамиятнинг таянчи, халқ билан давлат ўртасидаги энг яқин кўприк эканлиги яна бир бор таъкидланди. Маҳаллалар орқали аҳолининг муаммоларини жойида ҳал этиш, ижтимоий адолатни таъминлаш, маънавий муҳитни соғломлаштириш вазифалари белгиланди.
Шунингдек, Мурожаатномада коррупцияга қарши кураш, қонун устуворлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимини янада шаффоф ва самарали қилиш масалалари қатъий вазифа сифатида қўйилди. Президентимиз бу борада ҳар бир раҳбар ва мутасадди шахсдан шахсий масъулият ва ҳалоллик талаб этилишини алоҳида таъкидлади.
Хулоса қилиб айтганда, 2025 йил 26 декабрь кунги Президент Мурожаатномаси Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги муҳим дастурий ҳужжат бўлиб, у иқтисодий тараққиёт билан бир қаторда маънавий юксалиш, ижтимоий адолат ва халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу Мурожаатнома ҳар биримиздан белгиланган вазифаларни чуқур англаб, уларни ҳаётга татбиқ этишда фаол ва масъулиятли бўлишни талаб этади.
Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, фақат бирлашиб, юксак маънавият ва фидойилик билан ҳаракат қилсакгина, Янги Ўзбекистонни янада обод ва тараққий этган давлатга айлантира оламиз.
Эъзоза Узақова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Олмалиқ шаҳар бўлинмаси мутахассиси.