Бу йил дунё бозорида 150 000 тоннадан 330 000 тоннагача тозаланган мис танқислиги кузатилиши кутилмоқда. Бу эса мис ишлаб чиқарувчи давлатлар, жумладан, Ўзбекистон учун катта иқтисодий имкониятларни яратади. Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ҳам ишлаб чиқариш қувватларини ошириш борасида амалга ошириб келинаётган лойиҳалар мис тайёрлаш ҳажмини ошишига хизмат қилади.
Хусусан, 2-Мис бойитиш фабрикасида маъданларни қайта ишлаш ҳажмини 5 млн тоннага ошириш мақсадида айни кунларда янги бойитиш мажмуасини қуриш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. 3,1 гектар ер майдонида жойлашадиган мажмуанинг қуриш ишлари “Олмалиқметаллургқурилиш” трести томонидан амалга оширилмоқда. Айни кунларда ер ишлари олиб борилаяпти. Мажмуа лойиҳаси эса Лойиҳа ишлар бошқармаси томонидан бажарилди. Технологик ускуналарни монтаж ва ўрнатиш ишлари эса Ихтисослаштирилган таъмирлаш ишлари бошқармаси томонидан олиб борилади.
Эътиборли жиҳати — мажмуа ускуналарини Марказий таъмирлаш механика заводи меҳнат жамоаси тайёрлаб беришади. Ушбу лойиҳа ишга тушиши натижасида 600 та янги иш ўринлари яратилади. Товар маҳсулот ҳажми ҳам ошиб, бюджетга тўловлар ҳам кўпаяди. “Ёшлик I” кони маъданини қайта ишлашга мўлжалланган бойитиш мажмуасида йилига 5 млн тонна маъдан қайта ишланиб, 74,2 минг тонна концентрат олинади. Натижада мис катоди, олтин ва кумуш каби қимматбаҳо металларни ишлаб чиқариш ҳажми оширилади.
2-Мис бойитиш фабрикасида мазкур иншоот фойдаланишга топширилгач, маъданни қайта ишлаш ҳажми деярли 10 млн тоннага етказилади. Хулоса қилиб айтганда, жаҳон бозорида мис нархининг қулай конюнктураси ва комбинатда янги қувватларнинг ишга туширилиши ўзаро уйғунлашиб, саноат ривожи, экспорт ҳажмларининг ортиши ҳамда мамлакат иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашга замин яратади.


ОКМК АЖ Ахборот хизмати.