Табиий офатлар орасида зилзила энг кутилмаган ва энг хавфли ҳодисалардан бири ҳисобланади. У бир неча сония ичида инсон ҳаёти, соғлиги ва мол-мулкига жиддий зарар етказиши мумкин. Агар аҳоли зилзила вақтида қандай ҳаракат қилишни билмаса, бу ҳолат саросима ва катта йўқотишларга олиб келади. Жорий йилнинг февраль ойида Туркияда содир бўлган кучли зилзила бунга яққол мисол бўла олади.
Мутахассислар таъкидлашича, зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш қоидаларини олдиндан ўрганиш, уй-жойларда, иш жойларида ва таълим муассасаларида мунтазам амалий машғулотлар ўтказиб бориш аҳолининг бу борадаги кўникмаларини мустаҳкамлайди.
Хоналарда инсон ҳаётига хавф солиши мумкин бўлган оғир мебель ва маиший техникалар (телевизор, компьютер ва бошқалар) девор ёки полга маҳкамланиши лозим. Ойналарга эса шиша парчаларидан ҳимоя қилувчи пардалар илиш тавсия этилади.
Мутахассислар зилзила вақтида қуйидаги қоидани унутмасликни уқтирадилар:
Яъни, аввало бош ва бўйинни ҳимоя қилиш, мустаҳкам жойга беркиниш ва қаттиқ таянчга суяниш лозим. Кўп қаватли уйларда кириш эшиклари остлари, таянч деворлар ички бурчаклари энг хавфсиз жойлар ҳисобланади.
Агар инсон ташқарида бўлса, бинолардан, дарахтлардан, газ ва электр узатиш линияларидан узоқроқдаги очиқ жойга чиқиши зарур. Автомобилда ҳаракатланаётган пайтда эса машинани очиқ майдонда тўхтатиб, кўприк ва тунеллардан узоқлашиш керак.
Шунингдек, кучли зилзиладан кейин такрорий силкинишлар — aftershokлар бўлиши мумкин. Улар вақти-вақти билан такрорланади, шу сабабли ҳушёрликни йўқотмаслик талаб этилади.
Зилзила — олдини олиб бўлмайдиган, аммо унга тайёр туриш мумкин бўлган табиий офатдир. Ҳар бир фуқаронинг билимли, хотиржам ва масъулиятли ҳаракати кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Шу боис, зилзила вақтида ва ундан кейинги ҳаракат қоидаларини билиш — ҳар биримиз учун ҳаётий заруратдир.
А. Юлдашев,
шаҳар ФВБ бошлиғи.
Р. Нурматов,
шаҳар ҲФХЎМ катта ўқитувчиси.