Бугунги кунда республикамизда аҳоли сонининг тез суръатларда ошиб бориши таълим тизимида ҳам муайян муаммоларни юзага келтирмоқда. Хусусан, айрим умумтаълим мактабларида ўқувчилар сонининг мавжуд қувватдан ортиб кетиши дарс жараёнини самарали ташкил этишда қатор қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Шунга қарамай, давлатимиз томонидан таълим соҳасига қаратилаётган юксак эътибор, яратилаётган замонавий шарт-шароит ва имкониятлардан оқилона фойдаланиш орқали ҳатто ўқувчилар сони кўп бўлган синфларда ҳам таълим сифати ва маънавий тарбияни юксалтириш мумкин.
Аввало, бундай шароитда дарсларни режалаштириш ва ташкил этишда анъанавий усуллардан кўра интерактив ва жамоавий таълим методларига устувор аҳамият бериш муҳим ҳисобланади. Ўқувчиларни кичик гуруҳларга бўлиб ишлаш, муаммоли вазиятлар яратиш ва мустақил фикрлашга ундаш орқали ҳар бир ўқувчининг дарс жараёнида фаол иштирокини таъминлаш мумкин. Натижада ўқувчиларнинг билимларни ўзлаштириш даражаси ошади, мулоқот ва ҳамкорлик кўникмалари шаклланади.
Шунингдек, рақамли таълим технологияларидан самарали фойдаланиш бугунги таълим жараёнининг ажралмас қисмига айланмоқда. Электрон дарсликлар, видеодарслар, онлайн тест ва баҳолаш платформалари ўқувчиларнинг мустақил таълим олиш имкониятларини кенгайтиради. Айниқса, ўқувчилар сони кўп бўлган синфларда рақамли воситалар орқали индивидуал ёндашувни таъминлаш, ўқувчининг билим даражасини мунтазам мониторинг қилиш мумкин бўлади.
Таълим жараёни билан бир қаторда, ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш долзарб масала бўлиб қолмоқда. Ёш авлоднинг маънавий дунёқарашини шакллантиришда миллий қадриятлар, урф-одатлар ва бой тарихий меросимизга таяниш муҳим аҳамият касб этади. «Келажак соатлари»ни электрон платформалар орқали ташкил этиш, Ватанга садоқат, ота-онага ҳурмат, миллий ғурур каби фазилатларни ёшлар онгига сингдиришга хизмат қилади. Бу эса жамиятда фаол, масъулиятли ва маънавий баркамол шахсни вояга етказишда муҳим омил ҳисобланади.
Дилором Дадажонова,
20-ИДУ мактаб директор ўринбосари.