Мевали дарахтлар тиним даврида зараркунанда ҳашаротларга қарши мойли аралашма сепиш лозим. Мевали ёғли аралашма сепиш сабаблари ва унинг таъсири қуйидагича:
- Зараркунандаларнинг нафас олиш йўлларини беркитади. Бу уларнинг тухумлари ва авлодларига ҳам тааллуқли.
- Заҳар ва мойли аралашма ҳашаротларнинг ички модда алмашинуви жараёнини бузади ва уларни нобуд қилади.
- Агар унга инсектицид қўшилса – унинг таъсир кучи кенгаяди ва ортади.
Тиним даврида сепиладиган ёғли (мой) аралашма рецепти: - Пахта ёғи яхши мисол, аммо кунгабоқар ёғининг таъсир кучи кам, жўхори мойи билан бирга ишлатилса, таъсир кучи ортади.
- Идиш ювадиган суюқлик (масалан, Fairy), 75%.
- Инсектицид: Nurell Д, Актара, Актелликнинг таъсири жуда яхши.
100 литр сувга 4-6 литр пахта ёғи, 750 мл идиш ювиш учун мўлжалланган суюқ гели (Fairy), инсектицид, масалан, Нурель Д (сарф меъёри гектарига 1 литр) қўшиб бир хил суюқлик массаси ҳосил бўлгунгача аралаштиринг, бу жараённи сепилаётган пайтда ҳам узлуксиз бажариб туринг.
Ёғни сув билан аралашиши учун етарли миқдорда совун қўшинг. Агарда ёғ сувдан алоҳида бўлиб киришмаса, кўпроқ совун қўшишга тўғри келади.
Аралашма мевали дарахтларга жуда яхши сепилиши керак. Ёш дарахтларга тиним даврида тахминан гектарига 240 литр ёғли аралашма сарфланади. Катта дарахтларга тиним даврида гектарига 600 литр сарфланади. Имкон қадар кўп миқдорда сепиш яхши таъсир қилади, чунки аралашма зараркунандалар жойлашган ғовакларга тўлиқ кириб боради.
Кўпгина инсектицид ва фунгицидларни аралаштириб сепиш мумкин.
Бакнинг 3/4 қисми тўлганда мой ва совунни қўшинг. Яхшилаб тинимсиз аралаштиринг, мой сувдан ажралиб қолмаслиги керак. Бу қоришмага олтингургут қўшманг. Мис купороси ёки бордо суюқлигини қўшишингиз мумкин.
Сепилаётган мойни ишлатилишидан олдин сув билан аралашиши синаб кўрилиши шарт. 500 мл сувли идишга 25 мл мой ва 4 мл суюқ совун қўшинг. Идишни 15 марта яхши аралашгунга қадар чайқанг ва 5 минутга тиндиринг. Агар мой сифати яхши бўлса, суюқлик оқ рангли суспензияга айланади ва унинг устида кўпик ҳосил бўлади. 5 минут ичида мой сувдан ажралиб кетмаслиги керак. Агар мой сифатсиз бўлса, у сувдан тез ажралиб кетади. Сув билан мой яхши аралашган бўлсада, улар тезда ажралади ва кўпик остида мой қатлами ҳосил бўлади.



ЭСЛАТМА!
▪️Ҳарорат фақат +4°C дан юқори бўлганда сепинг. Агар ҳаво совуқ бўлса, ёғ ва сув тез бир-биридан ажралиб кетади. Агар тиним даври охирида сепаётган бўлсангиз, очилган куртаклар учи ва гуллар зарарланишидан эҳтиёт бўлинг, ҳарорат 0°C дан пасайиб кетмаслиги шарт.
▪️Намлик миқдори 60% дан кам бўлмаслиги шарт, бу мойни тез парланиб кетишига ёрдам беради. Агар дарахтлар хўл ёки ҳаво ёмғирли бўлса ҳам аралашма сепишни тўхтатинг. Чунки мой парланиб кетмайди ва дарахтларга зарар етади.
▪️Шамол бўлганда ҳам сепманг. Дарахтлар қаторининг бир тарафи қуригандан сўнг иккинчи тарафига пуркаманг! (мой миқдори кўпайиб кетади).
Ш. Шораҳимов, Ш.Умаров,
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги
Олмалиқ шаҳар ТИФ инспекторлари.