Дунёда шарафли вазифалар жуда кўп, аммо улар ичида киндик қонинг томган Ватанингни ҳимоя қилиш шарафлилар ичра шарафлисидир. Негаки Ватан – бу инсонга ато этилган энг қутлуғ неъмат, ҳалол насибамиз, аждодларимиз уйғоқ руҳи кезиб юрган табаррук гўша, уларнинг нафаси уфуриб турган муқаддас тупроқдир! Ҳарбийлар сафидаги йигитнинг нигоҳида биз шижоат, жасорат, мардлик, матонат, фидойилик каби хислатларни кўрамиз.
Мана, йигит вояга етиб Ватан хизматига отланаяпти. Соғлом, ўктам, кўркам… ғайрати билан тоғларни талқон этишга қодир. Мақсади битта – она юртга муносиб қалқон бўлиш. Шу ўринда бу шарафли хизматга ҳозирлик, Ватанимиз қуролли кучлари сафида ҳарбий хизматни ўташ, қуролли кучларимиз олдидаги устувор вазифалар ва ҳарбийлар учун белгиланган имтиёзлар, бир қатор ижтимоий кафолатларга доир бир қатор саволларга шаҳар Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Рустам Суфиянович Гарифуллин билан суҳбатда жавоб топишга ҳаракат қилдик.
-Рустам Суфиянович, суҳбатимизни мамлакатимизда жорий этилган ҳарбий хизмат тизими тартибларига доир маълумотларга аниқлик киритиб ўтишдан бошласак.
— Мамлакатимизда чақирилувчилар учун танловли ҳарбий хизматлар мавжуд. Булар: бир йиллик тўлиқ ҳарбий хизматни ўташ, пул эвазига бир ойлик тайёргарликдан ўтиш ёки шартнома асосида хизмат қилиш. Мазкур хизматлар Ўзбекистон Республикасининг «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонуни билан тартибга солинади. Шу ўринда ҳарбий хизматга кимлар ва қачон чақирилади, деган саволга ҳам жавоб бериб ўтиш зарур бўлади. Демак, ҳарбий хизматга 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган, ҳарбий ҳисобда турадиган эркаклар чақирилади. Чақирув бир йилда бир марта — баҳорда, март–апрель ойларида ўтказилади. Ҳар бир чақирув кампаниясининг аниқ саналари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
«Ўзбекистон фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган Ўзбекистоннинг чақирув ёшидаги фуқаролари 2026 йилнинг март-апрель ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилади. Ҳарбий хизматга яроқли, шу жумладан, чекловлар билан яроқли бўлган ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ ушбу чақирув даврида Қуролли Кучлар сафига чақирилмайдиган фуқаролар сафарбарлик чақируви резерви хизматига олинади. Муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчилар 2026 йилнинг март-апрель ойларида Ўзбекистон Қуролли Кучлари резервига бўшатилади.
-Тажрибали ҳарбий зобит сифатида сизнингча, ҳарбий хизмат йигит киши ҳаётида қандай аҳамият касб этади?
- Қуролли кучлар сифида ҳарбий хизмат йигит кишининг ҳар ишда муроса билан иш кўрадиган масъулиятли шахсга айланишига чин маънода кўмакчидир. Олий таълим муассасаларига кира олмаган ёки айни пайтда ўқимаётган, муҳим ишлари йўқ бўлган ёшларнинг бир йиллик хизматни ўтагани ҳар томонлама ўзлари учун фойдалидир. Чунки айни даврда баъзи ёш йигитларнинг мустақил қарор қабул қила олишмаслиги, ҳар ишда ота-онасига суяниб қолиши, оила ва бир қатор халқимизга хос қадриятларни етарлича баҳоламасликлари, иродасизликлари турли нотўғри йўлларга кириб кетиши, ҳатто зўравонга айланиши ҳолатлари ҳам бевосита шу бир йиллик хизматни ўтамаганлиги ҳарбийликнинг чинакам ирода ва сабот мактабини ўташмаганлигига бориб тақалади. Бир йиллик тўлиқ ҳарбий хизмат, бир ойлик тайёргарликдан ўтиш ёки шартнома асосида хизмат қилиш том маънода йигит кишини чиниқтириш ва тоблаш билан бир қаторда умрини Ватан хизматига, халқ тинчлиги ва осойишталигини сақлашга бахшида этишдек туйғуни юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. Айни кунларда шаҳар Мудофаа ишлари бўлимида муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақирув ишлари қизғин бормоқда. Ҳамшаҳарларимиз бўлимимизга мурожаат қилиб ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишлари мумкин. Энг муҳим жиҳат — ҳарбий хизмат даврида аскарларнинг барча ҳарбий кўникмаларга эга бўлиши учун мамлакатимиз қуролли кучлари қисмларида шароитлар етарли даражада. Бугунги кунда мустақил давлатимизнинг Куролли Кучлари миллий хавфсизликни таъминлаш борасида ўз олдига қўйилган вазифаларни бажаришга қодир қудратли армия бўлиб шаклланди. Қуролли Кучлар сафида хизмат қилиш эса Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси учун нафақат конституциявий бурч ва муқаддас мажбуриятга, балки мамлакатимиздаги нуфузли касбга ҳам айланиб бораётгани муҳим жиҳатдир.
-Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгашининг Қуролли Кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2025 йилдаги фаолияти якунлари ва яқин истиқболга мўлжалланган вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилишида Қуролли кучларимиз олдидаги вазифалар ва ҳарбийлар учун жорий этилаётган имтиёзлар белгилаб берилди. Ушбу масалаларга батафсил тўхталиб ўтсангиз. - Ватан – инсоннинг руҳияти, турмуш тарзи, онгу тафаккури, ўтмиши, бугуни ва келажаги мужассам бўлган муқаддас тушунча. Шундан келиб чиқиб Давлатимиз Олий Бош Қўмондони томонидан келгуси истиқболга мўлжалланган энг муҳим вазифалар белгилаб берилди. Шу ўринда янги белгиланаётган имтиёзларга тўхталиб ўтадиган бўлсак,
1 апрелдан эътиборан Мудофаа вазирлиги тизимида кўп йил ишлаган офицерларнинг устамаси 2 баробарга ошади. Оддий аскар ва сенжантларнинг маоши эса 10 фоизга кўпайтирилади. Мудофаа бўлимларининг ноҳарбий хизматчилари ойлиги бу йил 20 фоизга, келаси йили яна 50 фоизга кўтарилади. Бундан ташқари, ҳарбийларнинг пенсия таъминоти яхшиланади, улар учун уй-жой қурилиши кенгайтирилади. Эндиликда нафақат хотин-қизлар, балки ҳарбий хизматни ўтаб қайтган йигитлар ҳам ОТМда ўқиш учун фоизсиз таълим кредити ола олади. Уларнинг сертификат учун харажатлари ҳам қоплаб берилади. Армиядан келган ёшлар давлат ишига имтиёзли асосда қабул қилинади.
Ўзбекистонда муддатли ҳарбий хизматдан қайтган ёшлар олий ўқув юртида таҳсил олмоқчи бўлса, уларнинг хорижий тил ва фан сертификатини олиш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади. Агар улар олийгоҳларга контрактга кирса, фоизсиз таълим кредити ажратилади. Мамлакатимиз ҳаётининг ҳарбий-ҳуқуқий соҳаларида, хусусан, Қуролли Кучларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади – миллий армияни шакллантириш ва такомиллаштиришга қаратилган. Бу вазифани бажариш ҳар бир юртдошимизнинг фуқаролик бурчидир. Шаҳримиз корхона, ташкилот ва муассасалари раҳбарлари, ҳамшаҳарларимиздан мудофаа ишлари бўлими билан алоқаларни ҳамжиҳатликда олиб боришларини сўраб қолган бўлардим. Бўлимимиз биноси капитал таъмирдан чиқарилиб унинг фуқароларни қабул қилиш имкониятлари яна ҳам оширилди.
Она халқимиз, юртимиз учун қайси соҳада бўлмасин, эришган ютуқларимиз бизнинг шу Ватан учун қилган фидоийлигимизнинг бир намойишидир. Бундай шарафли ишларни адо этмоқлик бахти ҳаммамизга, ҳар биримизга насиб этсин. - Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Ҳасан Абдуллаев суҳбатлашди.