2026 йил 1 апрелдан янги тартиб кучга киради ва унга кўра кўчмас мулк ҳамда ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифадаги транспорт воситаларини сотиш ва сотиб олишда барча ҳисоб-китоблар банк ва нотариус орқали электрон тарзда амалга оширилади, яъни, олдингидек қўлдан-қўлга пул бериш амалиёти бекор қилинади ва бутун жараён назорат остига олинади.
Бу тартибда асосий “қоида” шуки, пул аввал банкда эскроу ҳисобда сақланади ва фақат шартнома нотариус томонидан тасдиқлангандан кейингина сотувчига ўтказилади.
Жараён қуйидагиларни ўз ичига олади:
- Харидор банкка мурожаат қилади, барча маълумотларни киритади: харидор ва сотувчи ҳақида маълумотлар, объект (уй ёки машина), шартнома суммаси ва ҳисоб рақамлар кўрсатилади.
- Банк харидор учун махсус эскроу ҳисоб очади, яъни пул вақтинча сақланадиган алоҳида ҳисоб яратилади.
- Харидор келишилган пулни эскроу ҳисобга қўяди, яъни нақд ёки нақдсиз тарзда маблағни банкка киритади.
- Пул эскроу ҳисобга тушгандан кейин харидор ва сотувчи нотариусга бориб шартномани расмийлаштиради.
- Ҳаммаси тўғри бўлса, нотариус шартномани тасдиқлайди ва бу ҳақда банкка электрон хабар юборади.
Сотувчи ўз ҳисобига тушган пулни хоҳласа нақд қилиб олиши ёки ҳисобда қолдириши мумкин.