2026 йил “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 1-мавсуми якунларига кўра, “Очиқ бюджет” портали орқали ғолиб лойиҳалар рўйхати эълон қилинди. Мазкур жараёнда юртимиз бўйлаб фуқаролар жуда катта фаоллик кўрсатиб, жами 10 миллион 284 мингта овоз берилди. Бу эса аҳолининг ўз ҳудудидаги муаммоларга бефарқ эмаслиги, маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлашга интилаётганини яна бир бор намоён этди.
Овоз бериш якунларига кўра, республика бўйича жами 1996 та лойиҳа ғолиб деб топилган. Шундан 1980 таси анъанавий, 16 таси эса шериклик асосидаги лойиҳалар ҳисобланади. Бу натижалар “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг халқ орасида тобора оммалашиб бораётганини кўрсатади.
Жумладан, шаҳримизда ҳам жами 76 та лойиҳа кўриб чиқилди. Шундан 10 таси рад этилиб, 11 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Ғолиб лойиҳаларни амалга ошириш учун 12 миллиард 440 миллион сўм маблағ ажратилиши белгиланган.
Бу кўрсаткичлар Олмалиқ аҳолисининг шаҳар тараққиёти, маҳаллалар ободлиги, инфратузилмани яхшилаш, таълим, тиббиёт ва бошқа ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга бўлган қизиқиши юқори эканини англатади. Энг муҳими, аҳоли томонидан билдирилган таклифлар асосида энг долзарб муаммоларга ечим топиш имконияти янада кенгаймоқда. “Ташаббусли бюджет” жараёнида иштирок этган барча фуқароларга миннатдорлик билдириш жоиз. Чунки ҳар бир овоз ортида юрт равнақи, маҳалла ободлиги ва халқ фаровонлигига бўлган дахлдорлик ҳисси мужассам. Бу каби жараёнларда фаол қатнашиш эса жамиятда фуқаролик позициясини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
