Менингит – ўта юқумли касаллик бўлиб, миянинг яллиғланиши билан кечади, мияни жиддий зарарлайди.
Бу касалликка вирус, бактерия ёки замбуруғлар сабабчи бўлади. Касаллик жуда тез авж олади ва баъзан малакали ёрдам кўрсатилмаса ҳарорат кўтарилиб, беморнинг ўлими билан тугайди.
Менингит қўзғатувчиси одамлар зич яшайдиган жойларда осон тарқалади. Бу ҳаво ҳароратининг ўзгариши туфайли кишиларнинг кам шамоллатиладиган хоналарда йиғилиши, овқатланишдаги чеклашлар ва витамин етишмаслиги туфайли юз беради.
Касалликнинг
юқиш йўллари
Ҳаво-томчи: патоген йўталиш пайтида ва акса урганда шиллиқ ва сўлак орқали ҳавога тарқалиш;
Маиший алоқалар: бемор ёки касаллик ташувчиси билан тўғридан тўғри алоқа қилиш, битта маиший воситалардан фойдаланиш (идишлар, сочиқ, тиш чўткаси).
Гигиена қоидаларига амал қилинмаганда орал-фекал йўл орқали: озиқ-овқатни ювилмаган қўллари билан қабул қилиш, ишлов берилмаган, ювилмаган сабзавот, мева, кўкатлар ва ҳоказо озиқ-овқатларни истеъмол қилиш.
Оғиз орқали: Менингит қўзғатувчилари билан ифлосланган сувни ютиш (сув омборларида, дезинфексия қилинмайдиган жамоат бассейнларида тасодифан сув ютиш) ва ҳоказо.
Менингитнинг аломатлари қандай?
Менингитда кўпинча бирдан ҳарорат кўтарилади (40°С гача). Бемор совқотишдан шикоят қилади. Бундан ташқари, бош чидаб бўлмас даражада оғрийди. Бу оғриқ баъзан бўйинга ҳам тарқалади. Шундан бемор бошини орқага қийшайтириб олади, энса мушаклари қаттиқлашади. Бемор бошини орқага қайириб ётиб қолади. У ҳушини йўқотиб, комага тушиши ёки тутқаноқ хуружлари кузатилиши мумкин. Бундан ташқари, ёруғликдан қўрқиш, кўз ёшланиши кузатилади. Нарсалар иккита бўлиб кўринади, беморнинг кўз олди хиралашади, қорни оғриб, кўнгли айнийди, қайт қилади. Тиззани букиш қийинлашади. Ёш болаларда ҳарорат кўтарилиши ёки мушакларнинг қаттиқлашиши каби аломатлар доим ҳам кузатилмайди. Бола қайсар, ҳолсиз, камҳаракат бўлиб қолади, иштаҳаси йўқолиб, кўп қуса бошлайди. Хасталикда терига қизил тошмалар тошади.
Касалликка гумон қилинганда зудлик билан тез ёрдам чақириб, беморни шифохонага олиб бориш зарур. Уй дезинфексия қилиниши ва оила аъзолари врач текширувидан ўтказилиб, назоратга олиниши лозим.
Менингит юқмаслиги учун
нима қилиш керак?
- Касаллик тарқалган худудга боришдан эҳтиёт бўлиш, касал билан мулоқотда бўлишдан сақланиш керак.
- Касаллик қўзғатувчиларнинг юқиш хавфи бўлганида беморнинг яқин кишилари эмланиши зарур.
- Санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш, қўлни тоза тутиш, бадантарбия, хонани шамоллатиб туриш, уйни ҳўл латта билан тозалаш зарур.
Менингитдан қандай асоратлар қолиши
мумкин?
Касаллик тўғри даволанмаса сурункали бош оғриқлар, ўта инжиқлик ва жиззакилик, мия ички босимининг сурункали тарзда ошиб бориши, хотира бузилишлари, паришонхотирлик, баъзан эшитиш пасайиши, тутқаноқ ва ақлий ривожланишдан орқада қолиш кабилар вужудга келиш хавфи бор.
Касаллик белгилари пайдо бўлганда вақтни кечиктирмасдан беморни шифохонага олиб бориш керак. Беморни стационарга ётқизишга қаршилик қилмаслик керак. Чунки касаллик фақат малакали тиббий ёрдам кўрсатилганда тўлиқ даволаниши мумкин.
Ф.Фазилматова,
шаҳар Санэпид бўлим
эпидемиология бўлим мудири.