Бугунги кунда жамият тараққиёти соғлом, билимли ва масъулиятли авлод тарбияси билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис тиббиёт соҳасида етук мутахассислар тайёрлаш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Зеро, соғлом авлод — юрт таянчи, миллат келажагидир.
Олмалиқ Абу Али Ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумида ҳам мазкур вазифани амалга ошириш йўлида изчил ишлар олиб борилмоқда. Техникумда замонавий ўқитиш усуллари, ахборот технологиялари ва амалий машғулотлар орқали бўлажак тиббиёт ходимларининг касбий салоҳияти юксалтирилмоқда. Педиатрия фани болалар саломатлигини сақлаш, касалликларнинг олдини олиш ва уларни барвақт аниқлашда муҳим ўрин тутади. Ушбу фанни ўқитиш жараёнида ўқувчилар болалар анатомияси ва физиологияси, болаларда учрайдиган асосий касалликлар ҳамда профилактика чора-тадбирлари ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш усуллари бўйича пухта билимга эга бўладилар. 3-босқич ўқувчилари билан олиб борилаётган дарслар интерактив усуллар, амалий машғулотлар ва ҳаётий мисоллар асосида ташкил этилмоқда. Бу эса ўқувчиларнинг касбий қизиқишини оширишга, мустақил фикрлаш ва масъулият ҳиссини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Бугунги кунда педиатрия соҳасида билимли ва меҳрли мутахассислар жуда зарур. Чунки бола саломатлиги — миллат саломатлиги демакдир. Шу боис ҳар бир тиббиёт ходими ўз касбига сидқидилдан ёндашиши, доимий равишда билим ва тажрибасини ошириб бориши лозим. Келажакда техникумимизни битирган ўқувчилар соғлиқни сақлаш муассасаларида фидойилик билан меҳнат қилиб, жамият саломатлигига муносиб ҳисса қўшишларига ишончим комил. Соғлом авлодни тарбиялаш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз юртимиз равнақи ва фаровон келажаги учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Олтиной Абдураҳмонова,
техникум Педиатрия
фани ўқитувчиси.