Дилшод ўша куни қўлидаги пулни санаб турганида, юрагида фақат битта ўй бор эди «энди ўз уйим бўлади». Бу пуллар осон топилмаган, йиллар давомида қилинган меҳнат, тежалган маблағ, орзу қилинган келажак — ҳаммаси шу 47 миллион сўмга жамланганди. У эса буни ерга айлантирмоқчи эди. Ўз ерига, ўз уйига. Шу пайтда унинг ҳаётига Абдуазим кириб келди.
— Яхши жой бор, — деди у ишонч билан. — Тўрт сотих. Қуриб яшайсан.
Дилшод ишонди. Абдуазим бу ишни акаси Ботир билан бирга бошлаган эди. Ер уларнинг онаси номида эди. Лекин бу ер оддий ер эмас, боғдорчилик учун ажратилган, қурилиш қилиш мумкин бўлмаган ҳудуд эди. Буни улар биларди, лекин Дилшодга айтмадилар.
— Ҳужжатларни тўғрилаб берамиз, — деди Ботир кейинчалик Дилшодга.
Унинг овози ишончли, гаплари равон эди. Гўё бу иш унинг учун оддий бир расмиятчиликдек эди гўё. Дилшод эса бу гапларга ишонди ва Ботирга 47 миллион сўм нақд санаб берди.
Бир неча кундан кейин яна бир гап чиқди.
— Кадастрни расмийлаштириш керак, — деди Ботир. — Бунинг учун озгина харажат бўлади. Яна 5 миллион сўм.
Дилшод ҳайрон бўлди, бироз иккиланди. Нима қилишини билмай, мақсадлари унга тинчлик бермади. Неча йиллик орзуси амалга ошадиган кунга бироз қолганди. Узоқ ўйлагандан сўнг, 5 миллион нақд санаб берди.
Мана қиш тугай деб қолди, аммо Дилшоднинг уй ҳужжатлари тайёр бўлмади. Ваъдалар эса кўпайиб борарди. Охири у ўзи кадастрга борди. Ҳужжатларини кўрсатди. Савол берди.
Кадастр ходимининг жавоби Дилшодни устига иссиқ сув қуйгандек бўлди:
— Бу ерда уй қуриб бўлмайди. Шу бир оғиз гап унинг бутун режаларини қийшиқ қурилган бинодек қулатиб ташлади.
Хонадан отилиб чиқиб, Ботирга тел қилди:
— Нима дегани бу? — деди Дилшод асабий ҳолада.
— Ҳали ҳал қиламиз, — деди Ботир.
— Қачон?
Жавоб бўлмади. Сабаблар, баҳоналар, ҳатто қаттиқ сўзлар…
Неча ой кутди, берилган пул эса қайтарилмади. Охири, чорасиз қолган Дилшод ва унинг турмуш ўртоғи судга ариза беришди. Шу билан воқеа судгача етиб борди.
Суд раиси Ботирнинг барча кирдикорларини кўриб чиқиб, айбига иқрорлигини сўради.
— Айбимни тан оламан… — деди у.
У ҳаммасини баён этди. Қандай қилиб пул олинганини, қаерга сарфланганини. У ерда уй қуриб бўлмаслигини, бу нарсани улар аввалдан билишганини ҳам айтиб ўтди.
Суд қарор чиқарди.
Ботирга икки йил қамоқ жазоси тайинланди. Етказилган зарар жабрланувчига икки йил давомида қайтариладиган бўлди.
Маъмуржон Тўйчиев,
жиноят ишлари бўйича
шаҳар суди раиси.