Бугунги кунда инсониятни ичидан емириб бораётган энг хавфли иллатлардан бири — гиёҳвандликдир. У тинч ҳаётни издан чиқаради, орзуларни парчалайди, оилаларни вайрон қилади. Энг ачинарлиси, бу иллат тобора ёшариб бормоқда — у энди катталар эмас, келажагимиз эгалари бўлган ёшларни ўз домига тортаяпти.
Гиёҳвандлик ҳеч қандай чегарани тан олмайди. У миллат танламайди, дин танламайди, ҳатто ёшни ҳам аямайди. Бугун бир марта «синаб кўраман» деган бепарво қарор эртага бутун умрга татийдиган ҳалокатга айланиши мумкин. Бир қарашда оддий кўринган қадам — аслида жар ёқасига ташланган қадамдир.
«Бир мартадан ҳеч нарса бўлмайди» деган алдов ортида эса аянчли тақдирлар ётади. Инсон ўзи билмаган ҳолда қарамлик домига тушади.
Қонун бу борада кескин: гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан ноқонуний муомала қилган ҳар қандай шахс жавобгарликка тортилади. Лекин энг катта жазо — бу қонун эмас, балки инсоннинг ўз ҳаётини йўқотишидир.
Гиёҳвандликка қўшни яна икки иллат бор — кашандалик ва ичкиликбозлик. Улар ҳам «оддий одат» сифатида бошланиб, охир-оқибат оғир касаллик ва ҳалокатга олиб боради.
Тамаки тутуни — секин ишлайдиган заҳар. Ҳар бир тутун инсон организмига юзлаб зарарли моддаларни киритади. Бу иллат нафақат чекишни, балки унинг атрофидагиларни ҳам заҳарлайди. Шунга қарамасдан, инсонлар ҳалигача ундан воз кечолмаяпти.
Ичкиликбозлик эса янада хавфли. У инсон онгини заифлаштиради, иродасини синдиради, оилаларни пароканда қилади. Бир пайтлар орзу-умидларга тўла инсон аста-секин ўзини йўқота бошлайди. Оқибатда эса касаллик, жиноят ва пушаймонлик қолади.
Фикр қилиб кўринг: нега инсон ўз қўли билан ўз ҳаётини вайрон қилиши керак? Нега соғлом, бахтли яшаш имкони бор экан, ҳалокатли йўлни танлайди?
Жавоб оддий — бепарволик.
Айнан шу бепарволикка қарши курашишимиз керак. Ҳар бир ота-она, ҳар бир устоз, ҳар бир фуқаро бу масалага бефарқ бўлмаслиги лозим. Чунки бу фақат бир инсоннинг муаммоси эмас — бу бутун жамият тақдири.
Унутмайлик: бир қадам — ҳалокат, бир қарор — тақдир. Соғлом ҳаётни танлаш эса ҳар биримизнинг қўлимизда.
Одилжон Ўсаров,
Тошкент ҳарбий прокурори, адлия полковниги.