Юрак пароги — юрак мушаклари ва клапан тизимидаги турли хил нуқсонлар натижасида юзага келиб, нормал қон айланишига халақит беради. Улар туғма ва орттирилган турларга бўлинади.
Туғма юрак пароклари ҳомила юраги ва йирик қон томирларининг эмбрионал ривожланиш даврида нотўғри шаклланиши натижасида пайдо бўлади. Ҳомиладорликнинг илк босқичларида онада кузатилган инфекцион касалликлар, TORCH-инфекциялар, грипп, қизилча, витаминлар етишмаслиги, ташқи муҳит омиллари (ионловчи нурланиш таъсири), ирсий касалликлар, она организмининг заҳарланиши ва тератоген омиллар болада юрак нуқсонларига олиб келиши мумкин. Бундай ҳолатларда овал тешигининг битмай қолиши, Фалло тетрадаси, қоринчалар орасидаги тўсиқнинг (межжелудочковая перегородка) ва бўлмачалар орасидаги тўсиқнинг (межпредсердная перегородка) битмай қолиши, ўпка артерияси стенози ёки аортал стеноз каби нуқсонлар кузатилади.
Орттирилган юрак пароклари эса кўпинча ревматизм, ревмокардит, ревматоид артрит, атеросклероз, қизил бўрича (системали қизил бўрича), ҳамда бошқа аутоиммун касалликлар натижасида ривожланади. Айрим ҳолларда касаллик узоқ вақт давомида белгисиз кечиши мумкин. Бу ҳолатларда клапан етишмовчилиги, клапанларнинг бўшашиб (пролапс) қолиши ёки стенози (торайиши) кузатилади.
Клиник белгилари: ҳансираш, кўкариш (цианоз, акроцианоз), юрганда ёки гапирганда ҳансираш, жисмоний фаолликнинг чекланиши, озиш, баъзан ҳушдан кетиш ва юрак соҳасида оғриқлар.
Ташхислаш: ЭКГ (электрокардиография) ва ЭХОКГ (эхокардиография), яъни юракнинг УЗИ текшируви орқали амалга оширилади.
Даволаш: дори воситалари ва жарроҳлик йўли билан амалга оширилади. Зарур ҳолларда сунъий клапан қўйиш амалиёти бажарилади. Даволаш шифокор кўрсатмасига асосан олиб борилади.

Бахтинисо Мадаминова,
шаҳар 2-оилавий поликлиникаси умумий амалиёт шифокори.