Мен кутубхона эшигини ҳар куни бир хил калит билан очаман. Аммо ҳар куни мени у ерда мутлақо янги олам кутиб туради. Чунки кутубхона — деворлари жим, аммо қалби гапирадиган маскан.
Кўп йиллардан бери китоблар орасида яшайман. Баъзан шундай туюладики, рафтлардаги асарлар нафас олади, уларнинг ҳар бири ўз қиссасини айтишга шай. Мен эса шу овозларни тинглай оладиган инсонман. Чунки кутубхоначи бўлиш — фақат китоб бериш эмас, балки инсон қалбига йўл топиш демакдир.
Эсимда, бир куни мактаб ўқувчиси қўлида телефон билан кириб келганди. У китоб сўрамади, интернет бор-йўғини сўради. Мен унга жимгина бир асарни тавсия қилдим. Орадан бир ҳафта ўтиб, у яна келди — бу сафар кўзларида қизиқиш билан. “Яна шунга ўхшаган китоб борми?” деди. Ана шу онда мен яна бир қалб китоб билан танишганини англадим.
Кутубхона — бу орзулар боғи. Бу ерда кимдир ёзувчи бўлишни орзу қилади, кимдир шифокор, кимдир олим. Улар изланаётган маълумотни топишади, лекин бундан ҳам муҳими — ўзларини топишади. Мен эса уларнинг илк қадамларига гувоҳ бўламан.
Китоб инсонни тарбиялайди. У сабрга, фикрлашга, теранликка ўргатади. Баъзан китоб орқали одам ўз дардига жавоб топади. Баъзан эса бир жумла инсоннинг бутун ҳаётини ўзгартириши мумкин. Мен бунга кўп бор гувоҳ бўлганман.
Кутубхонадаги сукунатни жуда қадрлайман. Чунки бу сукунат — фикр сукунати. Бу ерда ҳар бир варақ товуши — янгилик бошланиши. Ҳар бир китоб олиниши — янги саёҳат.
Албатта, замон ўзгармоқда. Электрон китоблар, аудиоасарлар, сунъий интеллект… Аммо барибир қоғоз китобнинг ўрни алоҳида. Саҳифалар орасидаги ҳид, китоб ичига қўйилган кичик ёдномалар, ўқувчининг белгилаб қўйган саҳифаси — буларнинг бари китобни тирик қилади.
Мен учун кутубхона — меҳр маскани. Бу ерда мен нафақат китобларни, балки одамларни ҳам асрайман. Чунки китобга эҳтиром — бу маърифатга эҳтиромдир.
Баъзан иш куни тугаб, зал бўшаб қолганида рафтлар орасида бир оз тўхтаб қоламан. Китоблар жим. Аммо мен биламан: эртага улар яна кимнингдир ҳаётига нур олиб киради. Шуни ўйлаб, қалбимда миннатдорлик ҳисси пайдо бўлади.
Мен — кутубхоначиман. Ва ишонаман: китобни севган миллатнинг келажаги порлоқ бўлади. Чунки кутубхона, китоб ва мен — бу фақат уч сўз эмас, бу маърифатга бағишланган ҳаётдир.


Дилафрўз Эгамбердиева.