Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир миллат ўзининг илдизларига, тарихий хотирасига ва маънавий меросига янада чуқурроқ назар ташламоқда. Чунки миллатни миллат қилиб турадиган энг катта куч — бу унинг қадриятларидир. Ана шу юксак мақсадга хизмат қилувчи муҳим маърифий тадбир жорий йилнинг 12 февраль куни Олмалиқ давлат техника институтида бўлиб ўтди. Тадбир “Миллий қадриятлар атласи” китобининг тақдимотига бағишланди.
Тадбирда Республика Маънавият ва Маърифат маркази Тошкент вилояти бўлими раҳбари Салим Анарбаев ва профессор Абдурашид Ҳасанов сўзга чиқиб, китобнинг яратилиш ғояси, унинг жамият ва айниқса, ёшлар тарбиясидаги ўрни ҳақида атрофлича фикр билдиришди.
Институт ректори Ў.Халикулов ҳам китобнинг аҳамиятига тўхталиб, бу каби маърифий лойиҳалар ёшлар тарбиясида муҳим ўрин тутишини айтиб ўтди.