Мозийга қайтиб, уни ўрганиш ҳар доим маънавий бойликни оширади. Шу мақсадда куни кеча Олмалиқ шаҳар “Ўлкашунослик” музейида буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан “Биз ким, Мулки Турон!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир шаҳримиздаги 15-умумтаълим мактаби жамоаси ва ўқувчилари ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда иштирок этган ёшлар буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темурнинг бой тарихий мероси, юрт равнақи ва адолатли давлат барпо этиш йўлидаги хизматлари, шунингдек илм-фан ва маданият ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида қизиқарли маълумотлар тақдим этдилар. Шунингдек, тадбир давомида Соҳибқирон ҳаёти ва фаолиятига бағишланган саҳна кўринишлари намойиш этилди. “Мозийга саёҳат” лойиҳаси доирасида музейда бўлган Олмалиқ Давлат техника университети талабалари ҳам ўз фикр ва маълумотлари билан тадбирга ўзгача руҳ киритди.
Тадбир сўнгида мактаб ўқувчилари шўх қўшиқ ва жозибали рақслари билан томошабинларни хурсанд қилишди. Бундай маънавий тадбирлар ёшларда ватанпарварлик, миллий ғурур ва аждодлар меросига ҳурмат туйғусини янада кучайтиради. Музей директори Саломат Халикулова тадбирда фаол иштирок этган 15-умумтаълим мактаби маъмурияти ва ўқувчиларига миннатдорлик билдирди.
Фируза Мухиддинова,
музей бош мутахассиси.