Жорий йилнинг 24 май куни Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти маданият саройида бўлиб ўтган тантанали тадбирда мен учун унутилмас воқеа юз берди. «Best Publication» илмий тадқиқотлар марказининг 2026 йил 15 майдаги 93-сонли буйруғига асосан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) миқёсида ташкил этилган «Фаол тадқиқотчи» халқаро эсдалик нишони билан тақдирландим.
Мазкур танловда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Россия каби давлатлардан кўплаб иқтидорли тадқиқотчилар иштирок этди. Мен ушбу танловда «Сунъий интеллектнинг журналистикадаги ўрни» мавзусида ёзган илмий мақолам билан қатнашиб, муносиб эътирофга сазовор бўлдим.
Тадбирда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ашула ва рақс ансамбли хонандаси Иззатилла Ибрагимов, эстрада хонандаси Мансурхон Нурматов, артистлар Ферузахон Норматова ва Сардор Тоиров ҳам «Эл-юрт ифтихори» кўкрак нишонлари билан тақдирланишди. Шунингдек, фан докторлари, профессорлар ва ўз касбининг фидойи вакиллари ҳам ўзларининг илмий ва амалий фаолиятлари учун муносиб рағбатлантирилди.
Мен мана шундай юрт фарзанди эканлигимдан фахрланаман. Ҳар бир инсоннинг ўз касби йўлида қилган меҳнати, илмий-амалий изланишлари ва жамият ривожига қўшган ҳиссаси эътироф этилиши катта мотивация беради. Ушбу мукофот мен учун нафақат ютуқ, балки келажакдаги янада катта мақсадлар сари дадил қадам ташлашга ундовчи куч бўлди. Болаликдан катта саҳналарда исм-шарифим янграшини орзу қилардим. Бугун эса бу орзуларим аста-секин рўёбга чиқаётганини кўриб, янада илҳомланмоқдаман. Албатта, бу билан тўхтаб қолмайман. Келгусида илм-фан ва журналистика соҳасида янада кўпроқ изланишлар олиб бориб, юртимиз равнақи учун муносиб ҳисса қўшишга интиламан.
Бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ёшларга яратилаётган кенг имконият ва шароитлардан ҳар бир ёш самарали фойдаланиши керак, деб ҳисоблайман. Чунки юртимиз келажаги айнан билимли, изланувчан ва мақсад сари интилувчан ёшлар қўлидадир. Мен ҳам келажакда янада катта ютуқларга эришиб, Президентимиз томонидан бериладиган юксак мукофот ва кўкрак нишонларига сазовор бўлиш учун астойдил ҳаракат қиламан. Бу эътироф менинг ҳаётимдаги муҳим босқичлардан бири бўлиб, мени янги марралар сари руҳлантиради. Ишонаманки, меҳнат, сабр ва қатъият билан ҳар қандай эзгу мақсадга эришиш мумкин.
Жасмина Абдуалиева.