1-босқич:
Асал ойи…
Асал ойи фаслида ҳамма нарса осон ва енгил туюлади. Иккала томон ҳам кўпроқ ҳаракат қилади. Тезроқ кечиришади. Камчиликларга кўз юмишади, чунки улар ҳали бир-бирларини энди танишмоқда. Муҳаббат ўз-ўзидан пайдо бўлаётгандек туюлади, боиси ҳаёт уларни ҳали синовдан ўтказгани йўқ. Бу — ҳамма узоқроқ қолишни истайдиган бекат. Ҳар бир нарса янгилик. Ҳар бир тегиниш вужудни титратади. Ҳар бир суҳбат янги бир кашфиётдек туюлади. Гормонлар танангизни жунбишга келтиради. Ниҳоят, узоқ қидирганингизни топгандек ҳис қиласиз ўзингизни. Бу босқич гўзал. Аммо у ҳаққоний эмас. Бу — ҳақиқат ўз ҳукмини ўтказишдан аввал, табиатнинг уларни бир-бирига боғлаш усулидир.
2-босқич:
Рeаллик (ҳақиқат) босқичи
Бу босқичда янгилик туйғуси сўна бошлайди. Гормонлар барқарорлашади. Сиз илгари эътибор бермаган нарсаларни пайқай бошлайсиз. Эр пайпоқларини дуч келган жойга ташлаб кетади. Аёлга эса кутилганидан кўра кўпроқ далда ва қўллаб-қувватлаш керак бўлади. Суҳбатлар тобора орзулар ҳақида эмас, балки рўзғор ташвишлари ҳақида бўлиб қолади. Бу босқичда кўплаб жуфтликлар саросимага тушишади. Улар нимадир хато бўлди деб ўйлашади. Аслида ҳеч нарса хато бўлгани йўқ. Сиз шунчаки кимёвий жараёнлар ортидаги ҳақиқий инсонни таний бошладингиз. Ҳақиқий меҳнат мана шу ерда бошланади.
3-босқич:
Ҳафсала пир бўлиши босқичи
Бу — аксарият жуфтликлар таслим бўладиган босқич. Шеригингиз асло ўзингиз тасаввур қилгандек инсон эмаслигини англаб етасиз. Тўғрироғи, у сиз унга нисбатан яратган хаёлий образга мос келмайди. Умидсизлик ва ҳафсала пир бўлиши — айни ҳақиқат. Хомхаёллар тарқаб кетди. Сизни ҳеч ким алдамаган бўлса-да, ўзингизни хиёнатга учрагандек ҳис қилишингиз мумкин. «Мен нотўғри одам билан турмуш қурибман», деб ўйлашингиз ҳам эҳтимолдан холи эмас. Аслида ундай эмас. Сиз шунчаки ҳақиқий инсон билан юзма-юз келдингиз. Масала унинг идеаллигида эмас. Масала — сиз уни бор-буди билан, борича сева оласизми-йўқми, ана шунда.
4-босқич:
Мослашиш босқичи
Агар учинчи босқичдан соғ-омон ўтиб олсангиз, мослашиш палласига қадам қўясиз. Бу ерда сиз шеригингизни ўзгартиришга уринишни тўхтатасиз ва биргаликда яшашни ўргана бошлайсиз. Сиз ўзаро муроса қиласиз. Келишувларга эришасиз. Қайси жангга киришиш арзиши-ю, қай бирини шунчаки ўтказиб юбориш кераклигини тушуниб етасиз. Бу босқич романтик эмас. У амалий аҳамиятга эга. Аммо айнан шу ерда ҳақиқий шериклик ришталари тобланади. Сиз «Нега сен бошқача эмассан?» деб сўрашни тўхтатасиз ва «Буни ишлатиш (яшаб кетиш) учун иккимиз нима қила оламиз?» деган савол устида бош қотира бошлайсиз.
5-босқич:
Садоқатли ҳамроҳлик босқичи
Бу босқичда никоҳ узил-кесил мустаҳкамланади. Улар энди бир-бирларини жуда яхши билишади. Кутилмаган совғалар ўрнини чуқур ўзаро англашув эгаллайди. Улар бир-бирларини сўзсиз, мукаммал тушунишади. Иккинчи томон ҳали сўрамасидан туриб, унга нима кераклигини билишади. Бу босқич бошланишидагидек ҳаяжонли бўлмаса-да, лекин анча мазмунли ва бойдир. Эҳтирос сезилар-сезилмас, аммо анча теран тус олади. Улар биргаликда катта қийинчиликларни енгиб ўтган ягона жамоа аъзоларига айланишади. Бу ришта ҳар қандай асал ойидан кўра кучлироқдир.
6-босқич:
Чуқур муҳаббат босқичи
Жуда кам сонли жуфтликлар ушбу босқичгача етиб келишади. Бу ерда муҳаббат шартсиз ва бенуқсон бўлади. Бир-бирларининг камчиликларини сезмаганликлари учун эмас, балки ўша камчиликларига қарамай, бир-бирларини севишни танлаганликлари учун. Бу шундай босқички, унда улар биргаликда сукут сақлашлари ва гаплашиб ўтиргандан кўра кучлироқ руҳий яқинликни ҳис қилишлари мумкин. Унда улар жанжаллашишлари мумкин, аммо бу баҳс уларнинг муносабатларини бузмаслигини аниқ билишади. Улар бир-бирларини энг ёмон ва ожиз ҳолатларида кўришган, шунда ҳам бирга қолишни танлашади. Бу босқич шунчаки туҳфа қилинмайди. У ютиб олинади, унга лойиқ бўлинади. Йиллар билан. Кўз ёшлар билан. Кечиримлилик билан.
Ва у ўзидан олдин ўтган ҳар бир машаққатли босқич эвазига мукофотдир.
Шухрат ШОКИРЖОНОВ.