Жамият тараққиёти, халқ ва давлат ўртасидаги очиқ мулоқотни таъминлаш, фуқароларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришда матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўрни беқиёсдир. Ҳақиқатни халққа етказиш, юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва ислоҳотларни кенг жамоатчиликка холис ва тезкор тарзда етказишда журналистлар, блогерлар ҳамда медиа соҳаси вакиллари фидокорона меҳнат қилмоқда. Ана шундай шарафли касб эгаларини эъзозлаш мақсадида шаҳримизда ҳам 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан “Сказка” ресторанида тантанали байрам тадбири ташкил этилди.
Байрам тадбирида оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар, блогерлар, ижтимоий тармоқ фаоллари, жамоатчилик вакиллари ҳамда соҳа фидойилари иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққан шаҳар ҳокими Барҳаёт Мелиев йиғилганларни қутлаб, бугунги кунда оммавий ахборот воситалари давлат ва жамият ҳаётининг муҳим бўғинига айланганини, журналистларнинг машаққатли ва масъулиятли меҳнати юрт тараққиёти ҳамда халқ фаровонлигига хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Тадбир давомида ўзининг фидокорона меҳнати, касбига садоқати ва юқори масъулияти билан ажралиб турган журналистлар, блогерлар ҳамда медиа соҳаси вакиллари шаҳар ҳокимлигининг ташаккурномалари ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раиси Раҳматилла Шералиев ва «Нурафшон» ТВ директори Олимжон Бегалиев иштирок этди.
Тадбир якунида иштирокчилар мамлакатимизда матбуот ва оммавий ахборот воситалари ривожи учун яратилаётган кенг имкониятлар, журналистларнинг самарали фаолият юритиши учун кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик юртимизда сўз эркинлиги ва очиқлик тамойилларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этдилар.




Мухлиса Тошпўлатова.