Қадрли журналистлар, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари!
Авваламбор, барчангизни, қалби қайноқ, қалами ўткир ижод аҳлини касб байрамингиз – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман! Бугунги қутлуғ айёмда сизларга ўзимнинг энг самимий тилакларимни ва юксак ҳурматимни билдиришдан ғоят мамнунман.
Азиз дўстлар, Олмалиқ шаҳрига ҳоким этиб тайинланганимга, сизлар билан бирга ишлай бошлаганимга ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Лекин мана шу қисқа давр ичида бир нарсага амин бўлдим: Олмалиқ – нафақат улкан тадбиркорлик, саноат ва илм маркази, балки ўзининг фидойи, билимли ва фаол медиа ҳамжамиятига эга бўлган жўшқин шаҳардир.
Шаҳримиз ҳаётини, одамларимизнинг қувонч у ташвишларини жамоатчиликка етказишда сизларнинг меҳнатингиз беқиёс. Бугун Олмалиқда: 4 та босма оммавий ахборот воситаси, 1 та маҳаллий телевидение ҳамда ижтимоий тармоқларда ўз овози ва позисиясига эга бўлган 90 га яқин фаол блогерларимиз фаолият юритмоқда.
Мана шу рақамларнинг ўзиёқ Олмалиқда сўз эркинлиги ва ахборот майдони қанчалик бой ва ранг-баранг эканидан далолат беради. Кўҳна газеталаримизнинг тажрибаси, телевидениемизнинг тезкорлиги ва блогерларимизнинг замонавий қарашлари бирлашиб, шаҳримиз ривожига хизмат қилмоқда.
Қадрли соҳа вакиллари!
Ҳурматли Президентимиз томонларидан олиб борилаётган очиқлик сиёсати бугун давлат органлари ва халқ ўртасида мустаҳкам кўприк бўлиб хизмат қилмоқда. Мен ҳам шаҳар раҳбари сифатида ушбу очиқлик сиёсатини тўлиқ қўллаб-қувватлайман ва сизлар билан доимий, очиқ мулоқотга тайёрман.
Сизларнинг куюниб ёзган мақолаларингиз, ижтимоий тармоқларда кўтарган масалаларингиз бизга шаҳримиздаги асл ҳолатни кўришга ва тўғри қарорлар қабул қилишга ёрдам беради. Мен мана шу қисқа вақт ичида сизларни ўзимга яқин кўмакчи, шаҳримиз келажагини биргаликда қурадиган маслаҳатгўй ҳамкорлар деб билдим. Бундан кейин ҳам ҳамкорлигимиз янада мустаҳкам бўлишига ишонаман. Бизнинг мақсадимиз битта — Олмалиқни янада обод, аҳолимиз ҳаётини янада фаровон қилиш!
Муҳтарам ижодкорлар!
Масъулиятли ва шарафли меҳнатингизда сизларга куч-ғайрат, сиҳат-саломатлик ва оилавий бахт тилайман. Касб байрамингиз муборак бўлсин!
Барҳаёт Менглиев,
Олмалиқ шаҳар ҳокими