Маълумки, шаҳримизда «Ҳудудгаз Сервис» МЧЖ ташкил этилгандан сўнг газ асбобларини режали техник кўрикдан ўтказиш ва профилактик хизмат кўрсатиш вазифалари ушбу ташкилот зиммасига юклатилган. Амалдаги тартибга кўра, кўп қаватли уйлардаги хонадонларда бундай ишлар ҳар икки йилда бир марта, хусусий уй-жойларда эса ҳар йили амалга оширилади.
Жорий йилнинг февраль ойида «Металлурглар» кўчасидаги «Кимёгар» маҳалласида яшовчи фуқаронинг хонадонига газ ускуналарини режали техник кўрикдан ўтказиш учун сервис компанияси ходимлари ташриф буюрган. Уларнинг айтишича, газ ҳисоблагичи олдида газ сизиб чиқиши аниқланган ва носозликни бартараф этиш учун ҳисоблагич пломбасини ечиш зарурлиги билдирилган.
Мутахассисларга ишонган хонадон эгаси таъмирлаш ишларини амалга оширишга розилик берган. Бироқ кейинчалик маълум бўлишича, газ ҳисоблагичи пломбасини шаҳар газ таъминоти бўлимига хабар бермасдан ҳамда белгиланган тартибда рухсат олмасдан ечиш мумкин эмас. Энг муҳими, таъмирлаш ишлари якунланганидан сўнг ҳисоблагич қайта пломбаланмаган.
Фуқаро сервис компанияси ходими билан бир неча бор телефон орқали боғланиб, муаммо ҳал қилиниши ҳақида ваъдалар олган. Аммо вақт ўтишига қарамай, пломбалаш ишлари амалга оширилмаган. Шундан сўнг у бевосита шаҳар газ таъминоти бўлимига мурожаат қилган.
Мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида ҳисоблагич пломбаси белгиланган тартиб бузилган ҳолда ечилгани аниқланган. Шунингдек, пломбасиз ҳисоблагичдан фойдаланиш қонунчиликка кўра маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги ҳам тушунтирилган.
Шаҳар газ таъминоти бўлими масъулларининг таъкидлашича, ҳисоблагич пломбасини ўзбошимчалик билан ечиш қоидабузарлик ҳисобланади. Бироқ мазкур ҳолатда фуқаро ўз вақтида ваколатли ташкилотга мурожаат қилгани, юзага келган муаммони яширмагани ҳамда қоидабузарликни аниқлашга кўмаклашгани инобатга олинди.
Ўтказилган назорат текшируви натижаларига кўра, ишларни бажариш жараёнида қоидабузарликка йўл қўйган хусусий сервис компанияси ходимига 292 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди. Жарима мазкур ходим томонидан тўлиқ қопланди.
Газ ҳисоблагичи пломбасини ечиш ёки унга дахл қилишдан олдин албатта шаҳар газ таъминоти бўлими билан келишинг
Газ ускуналари билан боғлиқ ҳар қандай масалада, аввало, ваколатли мутахассисларга мурожаат қилинг
Хусусий ташкилотлар хизматлари учун иш тўлиқ ва сифатли бажарилганига ишонч ҳосил қилмасдан туриб, олдиндан тўлов амалга оширманг
Бажарилган ишлардан сўнг барча ҳужжатлар расмийлаштирилгани ва ҳисоблагич қайта пломбаланганини текширинг
Белгиланган стандартларга жавоб берадиган сертификатланган газ жиҳозларидан фойдаланинг.


