Нурафшон шаҳри марказидаги Амфитеатрда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда 30 июль — Халқлар дўстлиги куни муносабати билан «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» ғояси остида «Дўстлик» фестивалининг вилоят босқичи тантанали тарзда бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент вилоятининг барча шаҳар ва туманларидан келган иштирокчилар, миллий маданий марказлар вакиллари, меҳнат фахрийлари, ёшлар, волонтёрлар, санъаткорлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Фестиваль «Мустақиллик марш юриши» билан бошланиб, унда миллий маданий марказлар вакиллари ҳамда ёшлар давлат байроқлари билан юриш қилиб, юртимиздаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ватанпарварлик ғояларини тараннум этдилар.
Амфитеатрда ўтказилган байрам дастурида миллий маданий марказларнинг қўшиқ ва рақс чиқишлари, адабий-бадиий композициялар, халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик кўргазмалари, миллий таомлар тақдимотлари намойиш этилди. Турли миллат вакилларининг бой маданияти ва анъаналари бир саҳнада уйғунлашиб, мамлакатимизда қарор топган миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини яна бир бор ёрқин намоён қилди.
Тадбир якунида турли номинациялар бўйича фаол иштирокчилар ва миллий маданий марказлар муносиб тақдирланди.
«Дўстлик» фестивали юртимиздаги тинчлик, миллатлараро тотувлик ва умумхалқ бирдамлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, давлат мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб қарши олиш йўлидаги муҳим маданий-маърифий тадбирлардан бири сифатида катта аҳамият касб этди.