МАҲАЛЛА — ҲИСОБОТ УЧУН ЭМАС, ЯШАШ УЧУН ҚУЛАЙ МАСКАН БЎЛИШИ КЕРАК
“Обод маҳалла — обод хонадон” шиори остида ўтказилаётган “Долзарб 40 кунлик” акцияси ҳудудларни тартибга келтириш, кўкаламзорлаштириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган. Аммо бу жараёнга фақат расмий тадбир, ҳисобот ва кўргазмали ишлар нуқтаи назаридан эмас, балки натижа ва самара нуқтаи назаридан баҳо бериш вақти келди.
Агар инсон кўчага ахлат ташлашдан уялмаса, ариқни чиқинди билан тўлдирса, умумий ҳудудни ўз уйи каби асрамаса, демак муаммо фақат тозалаш техникаси ёки ишчи кучида эмас. Муаммо — онгда, масъулиятда ва фуқаролик позициясида.
Бугун кўплаб маҳаллалардаги ҳолатга қараб, бир аччиқ ҳақиқатни тан олиш керак: биз баъзан ободликни яратишдан кўра, ободлик ҳақида ҳисобот беришга кўпроқ урғу беряпмиз. Чиройли суратлар, тадбирлар ва расмий хабарлар ортида ҳали ҳам ечилмаган муаммолар қолмоқда.
Ариқлардаги чиқиндилар, қаровсиз ерлар, ифлос йўлаклар — булар оддий маиший камчилик эмас. Бу жамиятнинг умумий маданияти ва тарбиясига берилган баҳодир. Чунки тозалик фақат супуриш билан эмас, ифлос қилмаслик билан бошланади.
Олмалиқ шаҳрининг “Коинот”, “Мустақиллик”, Сўфи Оллоёр, Ҳамза, “Ойдин”, Бобур, “Ҳилол”, “Бўстон”, “Тошкент” каби маҳаллаларида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари ижобий қадам. Лекин бу ишлар фақат мавсумий ҳаракат бўлиб қолмаслиги шарт. Чунки бир марта тозаланган кўча эмас, ҳар куни чиқинди ташланмайдиган, кўчлари тозаланадиган, дарахтлари қуриб қолмаган маҳалла – обод маҳалладир!
“Долзарб 40 кунлик” ўз номига мос равишда долзарб саволларни ўртага қўйиши керак: биз ҳақиқатан ҳам ўзгаряпмизми ёки фақат кўриниш учун ҳаракат қиляпмизми? Ободлик — камера учун эмас, инсонлар ҳаёти учун керак. Маҳалла — ҳисобот учун эмас, аввало яшаш учун қулай маскан бўлиши лозим. Ҳақиқий уйғониш — кўчани тозалашдан эмас, уни ифлос қилмаслик маданиятидан бошланади.





