Жорий йилнинг 6 август куни «Металлург» маданият саройида «Рақамли трансформация ва инновациялар: ишлаб чиқаришда коррупциянинг олдини олишнинг замонавий ечимлари» мавзусида Раҳбар ва ёшлар учрашуви ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов, «Олмалиқ КМК» АЖ бошқарув раиси, сенатор Абдулла Хурсанов, комбинат масъуллари ва ёшлар иштирок этишди.
Учрашувни ОКМК АЖ бошқарув раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Абдулла Хурсанов кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга тўхталиб, ишлаб чиқариш тармоқларига инновацион технологияларни жорий этиш коррупциявий хавфларни бартараф этишнинг энг самарали омилларидан бири эканини таъкидлади.
Тадбирда сўз олган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини қайд этди. Бу жараёнда рақамли трансформациянинг ўрни, шунингдек, ёшларнинг фаоллиги ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Агентлик директори мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг амалий ифодасини ОКМК АЖ мисолида ҳам кўриш мумкинлигини қайд этди.
Шунингдек, Акмал Бурханов комбинатда коррупцияга қарши курашишга қаратилган «Коррупциясиз саноат» лойиҳасини йўлга қўйиш ҳамда ушбу мақсад йўлида энг яхши ечимларни аниқлашга қаратилган махсус танловлар ташкил этишни таклиф қилди. Таъкидланганидек, мазкур лойиҳа ёшлар томонидан илгари сурилаётган инновацион ғоя ва таклифларни тўғридан-тўғри амалиётга тезкор жорий этиш имконини беради.
Мулоқот жараёнида комбинатда кенг жорий этилаётган сунъий интеллект имкониятлари, катта ҳажмдаги рақамли маълумотлар билан ишлаш ҳамда автоматлаштирилган бошқарув тизимлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Самимий руҳда ўтган учрашувда комбинат ёшлари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, таклиф ва янги инновацион ғоялари билан фаол иштирок этдилар.



