Бугунги кунда рақамли технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Давлат хизматларини ҳам замонавий, тезкор ва қулай шаклда олиш имконияти яратилгани фуқаролар учун катта енгилликдир. Хусусан, my.gov.uz портали орқали кўплаб давлат хизматларидан уйдан ёки иш жойидан чиқмаган ҳолда фойдаланиш мумкин.
1. Вақт ва масофани тежайсиз!
my.gov.uz портали орқали 800 дан ортиқ давлат хизматидан 24/7 режимида онлайн фойдаланиш имконияти мавжуд. Бунинг учун Давлат хизматлари марказига бориш, йўлга вақт сарфлаш ёки ишдан ажраш шарт эмас. Фуқаро интернет орқали исталган вақтда, исталган жойдан керакли хизматдан фойдаланиши мумкин.
2. Навбатсиз хизмат олиш имконияти
Давлат хизматлари марказларида навбат кутиш ва ортиқча оворагарчиликларга барҳам бериш мақсадида хизматларни электрон тарзда олиш имконияти яратилган. Фуқаро аризасини тўғридан-тўғри портал орқали юбориб, зарур хизматдан масофадан туриб фойдаланиши мумкин.
3. Камроқ маблағ сарфлайсиз
Электрон давлат хизматларидан фойдаланишнинг яна бир муҳим афзаллиги — иқтисодий жиҳатдан қулайлиги. Портал орқали кўрсатиладиган хизматлар бўйича тўловларда 10 фоизлик чегирма қўлланилади. Шунингдек, Давлат хизматлари марказларида олинадиган айрим қўшимча хизмат ҳақларини тўламасдан, хизматлардан электрон шаклда фойдаланиш мумкин.
4. Коррупциянинг олди олинади
Электрон давлат хизматларининг жорий этилиши инсон омилини камайтиришга хизмат қилади. Фуқаро давлат хизматчисининг ҳузурига бевосита бориб мурожаат қилмасдан, аризасини электрон шаклда топшириши мумкин. Бу эса хизмат кўрсатиш жараёнида шаффофликни таъминлаш ва коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
5. Шаффофлик таъминланади
my.gov.uz портали орқали берилган аризаларнинг кўриб чиқилиш жараёнини онлайн кузатиб бориш мумкин. Аризанинг қайси босқичда экани ҳақида маълумот олиш фуқарога жараёндан доимо хабардор бўлиб туриш имконини беради.
Раъно Масидиқова,
шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси.