Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан «Аммофос-Махам» акциядорлик жамиятида ходимлар ўртасида «Китобхон ходим» танлови ташкил этилди.
Мазкур танловдан кўзланган асосий мақсад — ишчи-ходимлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, мутолаа маданиятини юксалтириш, бадиий адабиётга бўлган қизиқишни янада ошириш ҳамда маънавий-маърифий дунёқарашни бойитишдан иборат.
Танлов Низом талаблари асосида ташкил этилиб, иштирокчилар белгиланган шартлар бўйича ўз билим ва салоҳиятларини намоён этдилар. Танлов давомида иштирокчиларга бадиий асарлар, буюк адибларнинг ҳаёти ва ижодига оид турли саволлар берилди.
Беллашувда саволларга аниқ, тўғри ва пухта жавоб берган, китобхонлик ва адабиёт соҳасидаги билимларини юқори даражада намоён этган иштирокчилар ғолибликни қўлга киритдилар.
Танлов якунига кўра: 1-ўрин — Таъмирлаш-механика цехи ходими Саттаров Достон; 2-ўрин — Таъмирлаш-механика цехи ходими Сахатуллаев Бекмурод; 3-ўрин — «Аммофос-2» цехи ходими Бойназарова Ҳуснобод.
Танлов ғолиблари «Аммофос-Махам» АЖ Касаба уюшма қўмитаси томонидан муносиб тақдирланди. Бундай маънавий-маърифий тадбирлар корхона ходимлари ўртасида китобхонлик муҳитини шакллантириш, бўш вақтни мазмунли ташкил этиш ва ёш авлодни миллий ҳамда жаҳон адабиётининг дурдона асарларига ошно этишда муҳим аҳамият касб этади.


