Маълумки, битимлар фуқаролик ҳуқуқининг муҳим институтларидан бири ҳисобланади.
Фуқаролик судларида битимлар билан боғлиқ масалалар асосан Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 9-боби ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги “Суд амалиётида битимларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини тадбиқ қилишда вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида” ги 17-сонли қарори билан тартибга солинади.
Битимлар тушунчаси, турлари, шакли ҳақида гапиришдан олдин мавзуга оид статистик маълумотлар таҳлили ҳамда ушбу тоифадаги ишларнинг ўзига хос хусусиятларига тўхталиб ўтиш лозим бўлади.
Биргина Тошкент вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 2023 йил давомида олди-сотди шартномаси билан боғлиқ ишлар бўйича 254 та ҳал қилув қарори чиқарилиб, шундан 207 таси қаноатлантирилган, қолган 47 таси рад этилган, кўрмасдан қолдирилган ва иш юритишдан тугатилган. 2024 йил давомида эса 179 та ҳал қилув қарори чиқарилиб, шундан 129 таси қаноатлантирилган, қолган 50 таси рад этилган, кўрмасдан қолдирилган ва иш юритишдан тугатилган. Шунингдек, 2023 йил давомида битимлар билан боғлиқ ишлар бўйича 17.913 та ҳал қилув қарори чиқарилиб, шундан 17.645 таси қаноатлантирилган, қолган 268 таси рад этилган, кўрмасдан қолдирилган ва иш юритишдан тугатилган. 2024 йил давомида битимлар билан боғлиқ ишлар бўйича 19.677 та ҳал қилув қарори чиқарилиб, шундан 19.229 таси қаноатлантирилган, қолган 448 таси рад этилган, кўрмасдан қолдирилган ва иш юритишдан тугатилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро суди томонидан 2024 йил давомида жами битимлар билан боғлиқ 188 та иш кўрилиб, 151 таси қаноатлантирилган, 13 таси рад этилган, 22 таси кўрмасдан қолдирилган ва 2 таси иш юритишдан тугатилган. Шунингдек, 2025 йилнинг 4 ойи давомида 16 та фуқаролик ишлари кўрилган бўлиб, шундан 7 таси қаноатлантирилган, 5 таси рад этилган, 2 таси кўрмасдан қолдирилган ва 1 таси иш юритишдан тугатилган.
Битимлар тузиш ва уларнинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ низоларни кўришда судлар ФКнинг 9-бобида назарда тутилган, яъни, фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини вужудга келтирувчи битимлар ҳақидаги қоидалар ҳамда айрим битим турларини тартибга солувчи ФК ва махсус қонун нормаларига таянади.
а) ФКнинг 103-моддасига мувофиқ бир тарафлама битимларга нисбатан ҳам мажбуриятлар ва шартномалар тўғрисидаги умумий қоидалар қўлланилади;
б) ФКнинг 9-бобида назарда тутилган икки ва кўп томонлама битимлар (шартнома)га тааллуқли қоидалар ФКнинг 26,27,28-бобларида назарда тутилган шартномалар тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш ҳақидаги қоидалар билан тўлдирилади.
Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 101-моддасига мувофиқ битимлар деб фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатлари тушунилади. Битимларни ҳақиқий деб топиш ҳақидаги даъволарни кўришда судлар ҳақиқатан ҳам, тарафлар ўртасида битим тузиш ҳақида келишув бўлганлиги, битим шартларининг тўлиқ ёки қисман бажарилганлиги ва битимни нотариал тасдиқлашга монелик қилган сабабларни аниқлашлари лозим.
Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 112-моддасига мувофиқ битимнинг қисман ёки тўлиқ бажарилганлиги ҳақидаги ёзма далиллар мавжуд бўлганда ёхуд жавобгар томонидан битим тузилганлиги тан олинганда судлар ҳар қандай битимларни эмас, фақатгина қонунда нотариал тасдиқланиши ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши талаб қилинадиган битимларни ҳақиқий деб топишлари мумкинлигига судларнинг эътибори қаратилсин.
Башарти қонун ёки мажбуриятларнинг айрим турларини тартибга солувчи ФК нормаларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаблар бўйича умумий даъво муддати – уч йил.
Битимларга оид низоларни кўришда шартномани ҳақиқий эмас деб топиш ва шартномани бекор қилиш тушунчаларини бир-биридан фарқлаш лозим. Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 9-боби 113-126-моддаларида кўзда тутилган битимларнинг ҳақиқий эмаслигини тартибга солувчи нормаларда баён этилган асослар бўйича шартномаларни ҳақиқий эмас деб топилишига йўл қўйилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 114-моддаси 1-қисмига мувофиқ ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларни вужудга келтирмайди ва у тузилган пайтдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Шартномани бекор қилиш эса тўлиқ ёки қисман бажарилмаган шартномани ва унинг оқибатида вужудга келган тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини келгусида бекор қилишга қаратилган ҳаракатдир.
Шартноманинг ҳақиқий эмаслиги ва шартномани бекор қилишнинг ўзаро фарқи:
а) битимнинг ҳақиқий эмаслигига асос унинг ноқонунийлигидир. Бекор қилишга эса-унинг қонунийлиги низолашилмасдан шартномани бекор қилишга сабаб бўладиган ҳолатларнинг юзага келиши асос бўлади;
б) шартномани бекор қилиш у амалда бўлган вақтдаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларга таъсир этмасдан, фақатгина келгусидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга тааллуқлидир.
Битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талабдан фарқли равишда шартномани бекор қилиш ҳақидаги талабда даъво муддати чекланмаган бўлади ва бундай даъво билан мурожаат қилишга шартнома ҳаракатда бўлган бутун давр мобайнида йўл қўйилади.
Ўзим томонимдан 2024 йил йил давомида шартномани бекор қилиш ҳақида 3 та фуқаролик иши кўрилган бўлиб, уларнинг учаласи ҳам қаноатлантирилган. Уларнинг бири мисол қилиб келтириладиган бўлса, олди-сотди шартномаси тузилганидан кейин олувчи олди-сотди шартномасини расмийлаштириш чоғида кўчмас мулк қийматининг 50% ни тўлаб, қолган қисмини кейин тўлаши керак бўлган. Бироқ у тўловнинг қолган қисмини тўламаганлиги сабабли даъвогар судга олди-сотди шартномасини бекор қилиш ҳақида даъво ариза билан мурожаат қилган. Суд томонидан даъво ариза қаноатлантирилган.
Олди-сотди шартномаси унинг иштирокчилари учун ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтириши боис, мазкур шартноманинг ҳақиқийлигини қонунда белгиланган асослар бўйича фақатгина шартнома иштирокчилари ҳамда шартнома объектининг мулкдорлари низолашишга ҳақлидирлар. Шартноманинг ҳақиқийлиги манфаатдор шахс томонидан олди-сотди шартномасида келишилган сумманинг у томонидан тўланганлиги асоси бўйича низолашилаётганда, бу ҳолат олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўла олмайди.
Олди-сотди шартномасида мулк баҳоси шартноманинг мажбурий шартларидан бири бўлиб, бу фақат мазкур битимнинг ҳақ эвазига тузилганлигидан далолат беради. Шу сабабли мулкнинг ҳақиқий қиймати олди-сотди шартномасида кўрсатилган қийматдан юқори бўлиши нотариал тартибда расмийлаштирилган олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўла олмайди, ФКнинг 123-моддасида кўрсатилган оғир ҳолатларнинг юз бериши таъсирида тузилган олди-сотди шартномаси бундан мустасно.
Амалиётда кўп учрайдиган ҳолат, кўпинча даъвогар уй-жойни оғзаки равишда жавобгардан сотиб олиб, ўз вақтида нотариал тартибда уйни номига расмийлаштирмайди. Сотувчи эса бир вақтнинг ўзида нотариал тартибда тасдиқланган олди-сотди шартномаси асосида уй-жойни бошқа бир кишига сотиб юборади. Ушбу вазиятда даъвогар олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деган даъво талаби билан судга мурожаат қилади. Лекин даъвогар шартнома тарафи ва шартнома объектининг мулкдори бўлмаганлиги сабабли даъво аризани қаноатлантиришнинг имкони бўлмайди.
Ўзим томонимдан 2024 йил давомида олди-сотди битимини ҳақиқий деб топиш ҳақидаги даъво талаби бўйича 2 та, олди-сотди битимини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво талаби бўйича 2 та фуқаролик иши кўрилган.
Олди-сотди битимини ҳақиқий деб топиш ҳақида кўрилган фуқаролик ишининг бирида даъвогар жавобгардан уйни сотиш ҳуқуқи билан нотариал тасдиқланган ишончнома олиб, уйни жавобгардан тилхат асосида сотиб олиб, нотариал идорага олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун мурожаат қилган вақтда жавобгар вафот этиб қолган. Нотариус вафот этган шахс томониданг берилган ишончномага асосан нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад қилган. Даъвогар судга мурожаат қилган. Шундан кейин суд томонидан суд-хатшунослик экспертизаси тайинланиб, тилхат ва ишончномага қўйилган имзолар айнан марҳум жавобгар томонидан қўйилганлик ҳолатига аниқлик киритилган. Иш бўйича шаксиз далил ҳисобланган эксперт хулосасига асосан даъво ариза қаноатлантирилган.
Олди-сотди битимини ҳақиқий деб топиш ҳақида кўрилган иккинчи фуқаролик ишида даъвогар уйнинг тўловини бирданига тўлаш имконига эга бўлмаган ва тўловни маълум вақтлар оралиғида қисман тўлаб бериб турган. Жавобгар ҳар сафар пулни олганида, тилхат ёзиб берган. Келишилган тўлов даъвогар томонидан жавобгарга тўлаб берилганидан кейин айрим сабабларга кўра жавобгар уйни нотариал тартибда расмийлаштириб беришдан бош тортган. Натижада даъвогар судга мурожаат қилишга мажбур бўлган ва суд томонидан даъво ариза қаноатлантирилган.
Хулоса қилиб айтганда, фуқаролар олди-сотди шартномаларини ўз вақтида нотариал тартибда расмийлаштиришса, олди-сотди шартномаси юзасидан белгиланган тўловларини ўз вақтида тўлашса, ўз вазифаларига масъулият билан ёндашишса, мазкур ҳолат юқоридаги каби низоларнинг камайишига ёрдам берган бўлар эди.
Дилноза Бекматова,
Фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судининг судьяси.