Азиза “М.О.К” номли бошқарув сервис компаниясига раҳбарлик қилар, кўп қаватли уйларнинг ҳолати, тозалиги ва қулайлигини назорат қиларди. Иш кўп, масъулият катта эди.
2023 йилнинг август ойидан бошлаб, у шаҳар электр таъминоти корхонаси билан расмий шартнома тузмасдан туриб, уйларнинг кириш йўлакларини ёритиш учун электр тармоғига яширинча улатди. Ҳисоблагичдан четлаб ўтилган бу уланишни ҳеч ким дарров пайқамади. Йўлаклар ёруғ, аҳоли мамнун, аммо электр энергияси ноқонуний сарфланаётган эди. Бу ҳолат қарийб икки йил давом этди.
Ниҳоят, 2025 йилнинг ёзида текширувчилар келди. Улар уйларни кўздан кечирар экан, барча нарса жойидадек туюларди. Аммо мутахассислар электр тармоғини синчковлик билан текшириб, яширин уланишни аниқлашди. 200 та лампа тўғридан-тўғри тармоққа уланган, ҳисоб-китобдан ташқари ишлаётган эди. Шу куни Азизани офисига чақиришди. У хонага кирганда, у ерда электр тармоқлари ходимлари ўтиришган эди. Ҳужжатлар кўрсатилди, қоидабузарлик расмийлаштирилди. Азиза буни инкор қилмади — у барчасини тан олди.
Кейинчалик ўтказилган экспертиза ҳисоб-китоб қилди: ноқонуний ишлатилган электр энергияси 71 миллион 200 минг сўмга тенг экан. Бу катта зарар эди.
Азиза қилган ишининг оқибатини тушунди. У зарарни қоплашга киришди: аввал 38 миллион сўмни тўлади, қолган 33 миллион сўмни ҳам депозитга ўтказиб, қарзни тўлиқ ёпди. Судда у ўз айбини тан олди, чин дилдан пушаймонлигини билдирди.
Суд у аёл киши экани, қарамоғида ёш фарзанди борлиги, энг муҳими — зарар қоплангани ва унинг қилган ишидан афсусда эканлигини инобатга олиб, Азизага қаттиқ жазо тайинламади. Бир йил давомида маошининг бир қисми ушлаб қолинадиган бўлди. Шу билан бирга, аввалги жазоси билан қўшиб ҳисобланиб, икки йил давомида уйидан белгиланган вақтдан ташқари чиқмаслиги, айрим жойларга бормаслиги шарт қилиб қўйилди.
Маъмуржон Тўйчиев,
жиноят ишлари бўйича шаҳар суди раиси.