Оҳангарон туманининг “Мунчоқтепа” маҳалласида яшовчи оддий бир оилада кутилмаган воқеалар бошланди. Бу воқеаларнинг марказида эса ер участкаси турарди. Марҳум ота-онадан мерос қолган ер майдони ўғиллардан бири — Шокир Рашидов орқали сотиладиган бўлди. Унинг укаси Ботир Рашидов бу ишга аралашиб, таниши Атҳам Исмоиловга ернинг 4 сотих қисмини уй-жой қуриш мумкин деб ишонтирди. Ҳар сотих 2 000 АҚШ долларидан баҳоланиб, жами 50 миллион сўм атрофида келишув қилинди.
Ушалмаган хоҳиш
Атҳам ва унинг рафиқаси Ноила Исмоилова бу ерни болалари бахт топиб, униб-ўсадиган уй деб ўйлашди. Пуллар Рашидовлар оиласига берилди. Улар бу ерни ўзларининг номига ўтказиб беришларини кутишар эди. Лекин ҳақиқат бошқача эди. Ер участкаси аслида боғдорчилик учун ажратилган бўлиб, унда уй-жой қуриш қонунан мумкин эмасди. Буни яхши билган Шокир ва Ботир шунга қарамай, “расмийлаштириб берамиз”, деган ваъдалар билан ишончни суиистеъмол қилишди. Бир неча ҳафта ичида пуллар қўлма-қўл бўлди. Бир қисм маблағ “расмийлаштириш” баҳонасида қайтариб олинди, қолгани эса шахсий эҳтиёжларга сарфланди.
Рўё ва ҳақиқат
Кейин ҳақиқат аста-секин юзага чиқди. Ер — уй қуриш учун эмаслиги маълум бўлди. Исмоиловлар оиласи алданганини англаб, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишди. Суд мажлисида Шокир Рашидов айбини тўлиқ тан олди. У қилган ишидан пушаймонлигини, оилавий қийинчиликларини важ қилиб кўрсатди. Унинг укаси ҳам жараёнда иштирок этгани маълум бўлди.
Адолат қарори
Иш материаллари, гувоҳлар кўрсатмалари бу воқеанинг тасодиф эмас, балки ишончни суиистеъмол қилиш орқали содир этилган фирибгарлик эканини исботлади. Суд эса барча ҳолатларни инобатга олиб: Шокир Қодировни айбли деб топди ва унга ахлоқ тузатиш ишлари ва қўшимча жазо чораларини тайинлади.
Бу воқеа маҳаллада узоқ вақт муҳокама қилинди. Кимдир “ер учун ишончни сотиб бўлмайди”, деса, кимдир “қоғозга ишонишдан олдин қонунни билиш керак” деган хулосага келди.
Муҳаммаджон Каюмов,
жиноят ишлари бўйича шаҳар суди
судьяси.