Бу узундан-узоқ йўлканинг охири йўқдай эди.
Қишин-ёзин эрта тонгдан кеч шомгача бу ердан одам оёғи узилмас, нимадир сотиб, нимадир олаётган кишилар ғала-ғовури тинмас эди.
Йўлка адоғида қартайиб, битта-яримта шохлари қурий бошлаган чинор остида тўқсонни қоралаган чол ўтирар, бир оз букчайган кенг елкалари, нуроний чеҳраси у бир вақтлар жуда ўктам йигит бўлганидан далолат берар эди. Тап-тақир қирилган бошидаги нимдош мовут кулоҳ, узун симоби яктак унга улуғвор тус берар, кекса чинор ва ундан-да кексароқ чол ола-ғовур йўлканинг бамисоли таркибий қисмига айланган, йил-ўн икки ой бу ердан ўтиб- қайтадиган оломон эски шолча устида ўтирадиган қарияга эътибор ҳам бермай қўйган, унинг бор-йўқлигини ҳеч ким сезмас ҳам эди. Миршаб, солиқчи, паттачиларнинг ҳам у билан иши йўқ эди гўё. Чол бу дунёи дунда шунчалар кўп яшаб қўйган эдики, кунлар, ойлар у ёқда турсин, йиллар, ўн йилликпар саноғидан адашиб кетган, қай юрт, қай мамлакатда яшаётганини ҳам билмасди, чамаси.
Унинг ёнида жигарранг сахтиён муқоваси титилиб, саҳифалари сарғайиб кетган бир китоб ётар, бу матоҳга ҳеч ким қиё ҳам боқмас эди.
Қўлида егулик, ичгулик яна алланималарни кўтарган одамлар оқими бир зум ҳам тинмас, чол эсини таниганидан буён шу эски китобни сотмоқчи бўлар, лекин сира харидор топилмас эди.
Онда-сонда тўхтаб, китобнинг у ёқ-бу ёғини ағдариб кўрадиган зиёлинамо кишилар у нима ҳақида эканини сўраб қоларди. Чол хира тортган кўзларини ерга тикиб, “билмайман” дея тан олар, сўнгра ўзини оқламоқчи бўлиб бидилларди:
— Тўғри, бир вақтлар бу китобда нималар ёзилганини билардим. Бобом айтиб берган эдилар. Ҳозир эсимдан чиқиб кетган… Қайта ўқий десам, кўзим ўтмайди… Мен, ахир, бу дунёда қарийб юз йилдан бери яшайман. Юз йил!..
Қариянинг овози қалтирар, қаршисида безрайиб турган кимса бу китобни барибир харид қилмаслигини яхши билганидан, кўзларини яширмоқчи бўларди. Нурсиз кўзларида эса мудом ёш йилтирар, бу қарилик оқибатими ёинки аламданми, билиш мушкул эди
У кўп йиллар мобайнида чинор остида ўтириб, ёнидан мутассил ўтиб-қайтиб турган оломон табиатини яхши ўрганган, унча-мунча одамга китобни таклиф этмас, кўнглида ўзининг бу ноёб буюмини сота олишига андак умид пайдо бўлгандагина паст товушда илтижо қиларди. Шундай пайтларда чуқур ажин қоплаган юзини аллақандай илоҳий нур ёритгандек бўлар, бироқ ғала-ғовур заифгина овозини ямлаб-ютиб, яна бир лоқайд кимса эътибор қилмай ўтиб кетгач, қариянинг чеҳраси мотамсаро тус оларди.
У баъзан умидсизланиб, этагини қоқиб, туриб кетмоқчи бўларди-ю, бобосининг васияти ёдига тушиб шаштидан қайтарди: “Болам, бу ноёб китобни отангга эмас, сенга қолдираман. Отанг бунинг қадрига етмаса керак. У қорин бандаси… Сенинг йўриғинг бўлак, ўғлим. Сен бу китобни одамларга етказишинг лозим. Китобда одамзодни бало-қазолардан асрагувчи буюк сир бор. Ҳа, Буюк сир!.. Сен уни эгасига етказишинг даркор. Китобнинг ҳақиқий эгаси ким эканини мен билмайман… Зора, Оллоҳ марҳамати ила сен бу ишнинг уддасидан чиқсанг…”
Бобосининг сўнгги нафасида айтган ана шу сўзлари қулоқлари остида садо берар, у ҳушёр тортиб, атрофга илинж билан боқар ва ўша, китобнинг ҳақиқий эгасини сабр-тоқат ила кутишда давом этар эди.
Қарилик қурсин, қарилик! Баъзан ички туйғуси панд бериб, китобдан мутлақо йироқ кимсалардан умид қилар, оқибатда ўсал бўлиб қолар эди.
…Ўшанда чинор энди барг ёза бошлаган, кун ниҳоятда илиқ ва нурли эди. Эрта тонгдан қариянинг кўнгли ҳам баҳор осмонидек ёришиб кетди. Бир маҳал истараси иссиқ ўртаяшар бир киши чол ўтирган ерга яқинлаша бошлади.
Китоб сотувчининг юраги ҳаприқиб, ўзининг азалий илтижосини такрорлади.
Сипо кийинган ҳалиги киши унинг овозини эшитдими, йўқми, буниси номаълум, лекин ҳарқалай бир муддат тўхтаб, чолга, унинг олдидаги очиқ китобга парвосиз нигоҳ ташлади. Сўнгра чўнтагидан пул олди-да, уни китоб устига ташлаб, йўлига равона бўлди.
Чолнинг бошидан бир челак совуқ сув қуйилгандек бўлди. Унинг китоби ҳеч кимга керак эмас! Унга садақа бердилар, холос!
У ғижимланган пулга қарадию бўғзига тиқилиб келган аччиқ бир нарсани ютолмай, безовта бўлди. Кўзёшлари китобнинг сарғайган саҳифаларига чак- чак томар, чолнинг букчайган елкалари силкинар эди.
Китоб сотувчининг чинор остидаги узоқ йиллик ҳаётида ҳар хил ҳодиса рўй берган, аммо ҳали ҳеч нима тиланчи деб берилган бу садақачалик уни таҳқирламаган эди. Баҳорнинг бу нурли кунида шўрлик чол истарали одамдан бунчалик бедоддикни кутмаган эди.
Қария ҳар қанча кўзёш тўкмасин, ҳаёт ўз измида давом этар ва унинг шафқатсиз қонуниятларида ҳеч қандай ўзгариш содир бўлмасди. Сирасини айтганда, кимдир кимгадир садақа берса ва қандайдир чол қандайдир китоб узра кўзёш тўкса, нима бўпти? Ахир, дунёда кўзёш тўкаётганлар камми?!
Шу тариқа кунлар, ойлар, йиллар ўтаверди. Чолнинг овози тобора заифлашиб, кўзларида нур сўниб борар, лекин у ўзининг ноёб китобини сотишдан ҳамон умидвор эди.
Йил фасллари бир-бири билан алмашар, азим чинорнинг қуриган шохлари кўпайиб борарди. Чинор остида ўтирган чол ҳаётида эса бирор ўзгариш бўлмаган, ҳамон у қаерда тунаб, қаерда овқатланишини ҳеч ким билмасди.
Ниҳоят, кеч кузнинг совуқ ёмғирли намчил оқшомида чол бир қарорга келди шекилли, ёнидан ўтиб кетаётган зиёлинамо кишининг ёмғирпўши этагидан маҳкам ушлаб, ўзига тортди. Ҳалиги киши қалқиб кетиб, жаҳл билан ўгирилди. Ўгирилди-ю, чолнинг мунгли чеҳрасини кўргач, бир оз жаҳпдан тушди. Бу гал чолнинг ички туйғуси панд бермаган, рўпарасида ижирғаниб турган кимса ҳақиқатан ҳам зиёлинамо киши эди.
— Бўтам, — дея илтижо қилди чол, — шу ноёб китобни сиз олақолинг. Шундоқ, текинга… Эҳтимол, бу китобдаги сирнинг тагига сиз етарсиз… Шунда ҳаётнинг кўп тилсимотлари очилса не ажаб…
Зиёлинамо киши ёмғирпўши этагини унинг қўлидан шахт билан тортиб олдию ўшқирди:
— Ҳой, мияси айниган чол! Мен китоб ўқимайман! Мен китоб ёзаман, билдингми?!
Чол қалқиб тушди, қўллари билан бошини пана қилганча мунғайиб қолди. Бу дағдаға унинг шунча йиллар чинор тагида ўтириб, тўлмаган сабр косасига томган сўнгги томчи эди. Боёқиш букчайганча сассиз йиғлар, узоқлашиб бораётган қадам товушлари садоси миясига гурзидек уриларди.
Шу изғирин оқшомда чол ғойиб бўлди. Эртасига чошгоҳ маҳали унинг ўрнида етти-саккиз ёшлар чамасидаги нимжонгина бир қизалоқ пайдо бўлди. Ориқ, ёрқин кўзлари катта-катта қизча жуссасига ярашмаган ширали бир товушда ўша эски китобни мақтаб, харидор изларди.
Қизчанинг кўзлари, ширали товуши ғойиб бўлган чолга жуда-жуда ўхшаб кетарди.
Чинор остида юз берган бу ўзгаришни йўлкани супуриб юрадиган фаррош кампирдан бўлак ҳеч ким пайқамади.
Мудом қаёққадир шошилган, ниманидир сотиб, ниманидир олиш илинжида бўлган оломоннинг ҳеч қанақа ўзгариш, китоб ва сир-синоат билан иши йўқ эди.
Одамларнинг сўнгсиз оқими денгиз мисоли гувиллаб, қизчанинг товушини ютиб юборарди, бебош шамол сарғайган саҳифаларни титкилаб, хуштак чаларди. Ёмғирнинг муздек оғир томчилари заъфарон япроқларни ерпарчин қилган, яримяланғоч шохлардаги қарғалар қағиллаши юракларга ваҳима солар, лоқайдликнинг қалин пардаси аро ҳамон ўша илтижоли товуш акс садо берар эди.
— Амакижон! Бу жуда зўр китоб! Унда Буюк сир бор! Энг Буюк сир!.. Бу китобни бобом менга васият қилганлар, уни албатта ўз эгасига етказишим керак…
Ёмғир товуши борган сари кучаяр, қизалоқ илтижосини ҳеч бир қулоқ эшитмас, ғола-ғовур йўлка зулмат қўйнига ғарқ бўлиб бормоқда эди.
Жўра Фозил.