“Ўртоқ “Ўзбекфильм”, халқинг кутар сўз” деб ёзган эди бир пайтлар оташин шоиримиз Муҳаммад Юсуф. Назаримизда, ўзбек кино ижодкорлари кейинги пайтларда халқимиз кутган дидли ва савияли кино асарлар билан маънавий хазинамизни бойитишга жиддий бел боғлаганлар.
“Тирик тарих” дастури бўйича суратга олинган «Улуғ Амир ва Донна Мария» номли тўла метражли янги бадиий фильм бунга яққол мисолдир.
Якунланаётган ҳафтада пойтахтимиздаги “Renessans” кино уйида ушбу киноасарнинг жамоатчилик кўриги бўлиб ўтди. Фильмнинг илк томошабинлари — таниқли маданият ва санъат, жамоатчилик намояндалари, тарихчи олимлар, ижодкор зиёлилар, хорижий меҳмонлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари тақдимотдан сўнг “Киройи кино дегани шундоқ бўлса…” деб қайтган бўлсалар, ажабмас…
Мазкур фильм таниқли адиб Хайриддин Султон адабий сценарийси асосида режиссёр Ёлқин Тўйчиев томонидан суратга олинган бўлиб, унда Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолиятининг шу чоққача кўпчиликка номаълум бўлган ибратли жиҳатлари тўғрисида ҳикоя қилинади.
Соҳибқирон бобомизнинг “Куч – адолатда” деган ҳаётий тамойилни қарор топтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, унинг табиатига хос бўлган беқиёс азму шижоат билан бирга кечиримлилик, бағрикенглик, меҳр-оқибат сингари хусусиятлар таъсирчан бадиий воситалар орқали очиб берилган. Кинони кўрган ҳар бир миллатдошимиз «Биз киммиз, қандай буюк ва олижаноб зотларнинг авлодларимиз, қандай беқиёс тарихнинг ворисларимиз?» деб ўзига беихтиёр савол бериши табиий.
Кинокартина аввало мураккаб сюжет чизиғи, мавзунинг оригинал талқини, тарих ва бугунги кун воқеликларини уйғун ва муштарак ҳолда бадиий акс эттириши, драматик интригаларга бойлиги билан томошабинлар эътиборини тортади.
Фильм воқеалари бир йўла икки параллель йўналишда шиддатли ривожланиб боради. Унда олис ўтмиш ва замонавий ҳаёт манзараларининг бетакрор тасвирлари бир-бирини табиий тарзда тўлдиради. Киноасарни томоша қилган маърифатли томошабин беихтиёр инсон руҳиятининг чексиз ва сирли сарҳадлари ҳақида, авлодлар ўртасидаги узвий ришталар, бу дунёда қачондир юз берган бирон воқеа-ҳодиса ҳеч қачон изсиз кетмаслиги хусусида фалсафий ўйларга толади.
Картинадаги асосий ролларни Жўрабек Арзиев, Элбек Файзиев, Кўпжурсин Алланазаров, Ўлмас Ўраев, Зилола Искандарова, Баҳодир Болтаев (Ўзбекистон), Закиржан Базаров (Туркманистон), Жессика Мэй (Бразилия), Ник Корнуолл, Роберт Льюис (Буюк Британия), Хуан Касильяс, Оскар Форонда (Испания), Жованни Лелли, Билли Бозз (Италия), Майкл Митчелл (АҚШ), Эппо Вортман (Нидерландия), Кэнго Саито (Франция), Юнус Таха Карааслан, Нурай Эркол, Ясемин Язучи, Фатиҳ Йилмаз, Ҳайдар Койел (Туркия) каби маҳоратли актёрлар ижро этган.
Ижодий гуруҳга мана шундай дидли, дадил ва жасоратли фильм учун ташаккур билдиришга бурчлимиз. Зотан, мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллик байрамига муносиб туҳфа сифатида яратилган “Улуғ Амир ва донна Мария” бадиий фильми миллий кино санъатимиз ривожида янги саҳифа очиши, ўзбек киносининг эртанги истиқболи ҳақида янада нурли умидлар уйғотиши шубҳасиз.
Ўз мухбиримиз.