
Жорий йилнинг 17 октябрь санасида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев касаба уюшмаларининг кўп миллионли аъзоларига ўзининг юксак ҳурмати ва эзгу тилакларини изҳор этди. Президент таъкидлаганидек, бугунги кунда мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида улкан марралар кўзланган, тинчлик ва хотиржамликни таъминлаш ҳамда халқимиз ҳаётини янада фаровон қилиш учун қатъий чоралар кўрилмоқда.
Унда касаба уюшмалари иш берувчи ва ходим ўртасидаги низоларни судгача ҳал этишда яраштирувчи бўғин сифатида фаол бўлиши лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг ягона тизими мавжуд эмаслигига эътибор қаратилди.
Бу борада масъул вазирликларга касаба уюшмалари билан ҳамкорликда замонавий электрон ҳисобот тизимини йўлга қўйиш вазифаси юклатилди.
Ҳозирда Федерация таркибида 14 та тармоқ касаба уюшмаси фаолият юритмоқда.
Президент таъкидлаганидек, улар тегишли тармоқларда ишлаётган ходимлар манфаатларини ҳимоя қилишда фаолроқ бўлиши, янги соҳалар ва касблар ривожланиши жараёнида вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликни кучайтириши лозим.
Шу мақсадда вазирликлар ва касаба уюшмалари коллегиал органларининг қўшма йиғилишларини мунтазам ўтказиб бориш таклиф этилди.
Биз ҳам Президентимизнинг ушбу йиғилишидан сўнг, шаҳримизда фаолият юритаётган касаба уюшмаларининг фаолияти ҳақида янада чуқурроқ билиш мақсадида Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Олмалиқ шаҳар бўлинмаси раиси Бобомурод Мусаев билан боғланиб, бугунги кундаги касаба уюшмасининг фаолияти ҳақида атрофлича суҳбатлашдик.
— Бобомурод ака, бу соҳада қачондан буён фаолият олиб бормоқдасиз?
— Мен 2015 йил 23 май кунидан бошлаб Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Олмалиқ шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси вазифасида фаолият юритаяпман. Шу вақт мобайнида жамоамиз билан биргаликда фаолиятимизнинг асосий мақсади — аъзоларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг меҳнат ҳамда ижтимоий ҳуқуқларини таъминлаш бўлиб келмоқда.
— Фаолиятингиздаги асосий жиҳатларга тўхталсангиз.
— Бизнинг фаолиятимиз жуда кенг қамровли. Энг аввало, юридик шахс мақомига эга ташкилотларда жамоа шартномалари тузилишини таъминлаймиз ва уларнинг бажарилиши устидан назорат олиб борамиз.
Юридик шахс мақомига эга муассаса ва ташкилотларда жамоа шартномалари тузилишига эришади, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади.
Меҳнатга оид ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, меҳнат ҳуқуқи нормаларини ўз ичига олган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.
Касаба уюшмаси аъзоларига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар беради ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида зарур ҳолларда даъво аризалари билан судга мурожаат қилади.
Меҳнат муносабатларини тартибга солиш, ходимларга иш ҳақи ва бошқа тўловларнинг тўланишида ижтимоий адолатли тизим жорий этилишига кўмаклашади.
Ҳар бир касаба уюшмаси аъзосининг меҳнатга оид, мутахассисликка эга бўлиш, малакасини ошириш, муносиб ва ўз вақтида иш ҳақи олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини таъминлайди.
Маданият, туризм, оммавий жисмоний тарбия ва спорт, санаторийларда даволаш, болаларни соғломлаштириш ва дам олдиришни ривожлантириш масалаларида давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бирлашмалар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
— Бўлинмангиз аъзолари учун қандай шароит ва имкониятлар мавжуд?
— Ҳар бир аъзоимиз касаба уюшмасининг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясида. Улар жамоа шартномасида белгиланган имтиёзлардан фойдаланадилар, яъни, бепул маданий ҳордиқ, соғломлаштириш муассасаларида дам олиш, моддий ёрдам олиш имконияти мавжуд. Шу билан бирга, меҳнатни муҳофаза қилиш, тиббий кўрик, иш шароитларини яхшилашга катта эътибор қаратамиз.
— Ёш мутахассислар билан ишлаш қандай йўлга қўйилган?
— Ёшлар — келажагимиз таянчи. Шу боис, ёш мутахассисларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг фаоллигини ошириш бўйича тизимли иш олиб бораяпмиз. Шунингдек, ёшлар “Ёшлар минбари”, “Эркин фикр” ташаббуслари орқали ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириш имкониятига эга.
— Касаба уюшмасининг фаолиятини ким назорат қилади?
—Тафтиш комиссияси қуйи касаба уюшмаси ташкилотларини назорат қилиш ҳуқуқига эга.
Бўлинма Тафтиш комиссияси касаба уюшмаси Низоми талабларига риоя қилиши, уларнинг молиявий-хўжалик фаолияти, аъзолик ва бошқа бадалларнинг ҳисобланиши, тушиши, ўтказилиши, пул маблағларининг тўғри сарфланиши, касаба уюшмаси мулкидан фойдаланишни назорат қилади.
— Меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича қандай чоралар кўрилган?
— Ҳар бир ташкилотда меҳнат муҳофазасига оид маблағ ажратилади. Бу маблағлар шахсий ҳимоя воситалари, гигиена ҳамда тиббий воситаларга сарфланади. Ходимлар доимий тиббий кўрикдан ўтишади, иш ўринлари хавфсизлиги текширилади.
Шунингдек, меҳнатдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан суғурта тизими ҳам йўлга қўйилган.
— Маданий-маърифий ишлар ҳақида ҳам тўхталсангиз.
— Бу йўналишда ҳам фаол иш олиб борамиз. “Маънавият ва маърифат” хонасини ташкил этганмиз, китобхонликни тарғиб қилиш учун “Энг яхши китобхон” танловлари ўтказилаяпти. Ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун театр, музей ва тарихий шаҳарларга саёҳатлар уюштириш йўлга қўйилган. Ҳар йили ходимларнинг камида 10 фоизи оиласи билан биргаликда ички туризм орқали дам олиш имкониятига эга.
— Ҳозирги кунда бўлинмада неча нафар аъзо фаолият юритмоқда?
— Бугунги кунда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Олмалиқ шаҳар бўлинмаси таркибида жами 9967 нафар аъзо фаолият кўрсатмоқда. Улар учун муносиб меҳнат шароити яратиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бизнинг асосий вазифамиздир.
— Олмалиқда хотин-қизлар билан ишлашда касаба уюшмаси нима ишлар қилмоқда?
— Уч ёшга тўлмаган боланинг ташкилотда ишлайдиган ота-онасидан бирига (васийсига) ҳафтасига ўттиз беш соатлик иш вақти давомийлиги белгиланади. Иш берувчи ҳақ тўланадиган ҳомиладорлик ва туғиш таътилини қонунда белгиланган муддатга нисбатан уч календарь кунга узайтириш мажбуриятини олади.
Оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларнинг бола уч ёшга тўлгунига қадар уни парваришлаш таътилида бўлган вақти меҳнат стажига қўшилади ва кейинги ҳақ тўланадиган ҳар йилги меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини беради. Икки ёшга тўлмаган боланинг ота-онасидан бирига (васийсига) дам олиш ва овқатланиш учун танаффусдан ташқари болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар берилади.
Асосий мақсадимиз — ҳар бир ходимнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг меҳнат фаолиятидаги муваффақиятини таъминлаш. Чунки касаба уюшмаси — инсон қадрини, меҳнат қадрини эъзозлайдиган, меҳнаткашнинг ҳақиқий таянчи бўлган жамоадир.
– Мазмунли суҳбат учун раҳмат!
Суҳбатдош: М.Раҳматуллаева.