Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ва аҳоли орасида «энди никоҳдан олдинги мажбурий тиббий кўрик бекор қилинди, ФҲДЁ органлари ҳужжат талаб қилмайди» деган гап-сўзлар тарқалмоқда. Шу билан бирга, бу гап қанчалик асосли эканлиги ҳам қизиқтирмоқда.
Ҳақиқат шундаки, 2025 йил 8 сентябрь куни “Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳада бюрократик тартиботларни тубдан қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди. Бу фармон билан давлат хизматлари кўрсатишда талаб қилинадиган ҳужжатлар сони камайтирилди ва идоралараро ахборот алмашинуви йўлга қўйилди.
2025 йил 1 декабрдан:
*Никоҳни расмийлаштиришда ФҲДЁ органлари никоҳланувчи шахслардан тиббий кўрик натижаларини қоғоз шаклида талаб қилмайди.
*Тиббий кўрик натижалари тиббиёт муассасалари томонидан “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимига реал вақтда киритилади.
*Бу тизим орқали ОИВ/ОИТС, психик, наркологик, таносил ва сил касалликлари бўйича натижалар мажбурий равишда электрон шаклда қайд этилади.
*“Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизими “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” тизими билан интеграция қилинган.
Шу билан бирга, шуни таъкидлаш керакки, бу никоҳдан олдинги тиббий кўрик бекор қилинди, дегани эмас. Фақат никоҳланувчилар тиббий кўрикдан ўтса ҳам, натижаларини ФҲДЁга алоҳида қоғоз шаклида тақдим қилиш талаб қилинмайди, яъни бюрократик тартиботлар соддалаштирилди. Шу тариқа, янги тизим орқали аҳолига қулайлик яратилиб, ҳужжатлар электрон шаклда идоралараро алмашинув орқали автоматик равишда ФҲДЁга етказилади.
Сабоҳат Аллакулова,
шаҳар ФҲДЁ бўлими 1-тоифали инспектори.